Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциациясининг III қурултойи очилди
2015 йилнинг 29 октябр куни пойтахтимизда Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси III қурултойининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари мутахассислари, олимлар, хорижий давлат вакиллари иштирок этишди.
Қурултойни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов кириш сўзи билан очиб, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, мазкур қурултойнинг мазмунмоҳияти, ундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда шошилинч тиббий ёрдам хизмати борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, анжумандан кўзланган асосий мақсад соҳа олимлари ва мутахассислари интилишларини шошилинч тиббиётнинг устивор муаммоларини ечиш йўналишида бирлаштириб, доимий ва самарали илмий-амалий ҳамкорликни юзага келтиришдир.
Нуфузли даражада ўтказилаётган мазкур қурултойда ўзбекистонлик профессор-олимлар, хорижлик мутахассислар шошилинч тиббий ёрдам хизматининг аҳоли саломатлигидаги ўрни, илмий фаолиятдаги натижалар, эришилаётган ютуқлар, амалиётга татбиқ этилаётган янги даволаш усуллари каби долзарб мавзуларга бағишланган маърузалар билан иштирок этишди.
– Бундай кенг миқёсда олиб борилаётган қурултой иштирокчиларни ўзаро тажриба алмашиш, шошилинч тиббий ёрдам хизматидаги янгиликлардан хабардор бўлишларида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали директори Одилжон Умаров. – Анжуманда Фарғона вилоятида аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маълумот алмашдик. Умид қиламизки, қурултой давомида республикамизнинг турли ҳудудлари ва хориждан ташриф буюрган ҳамкасбларимизнинг тажрибасини ўрганамиз ва фойдали томонларини Фарғона вилоятида ҳам татбиқ этамиз.
Таъкидлаш жоизки, замонавий шошилинч тиббий ёрдам хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури ҳақида”ги Фармонига асосан ташкил этилган. Мамлакатимиз аҳолиси учун далат томонидан кафолатланган, барча учун очиқ ва сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мазкур хизматнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган Республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг бош муассасаси ҳисобланади. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган 12 филиалида махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади.
– Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган марказимизда аҳолига сифатли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур имкониятлар яратилган, – дейди РШТЁИМнинг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Елена Борисова. – Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида ҳар йили икки миллиондан ортиқ беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда ва 200 мингдан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўзтказилмоқда.
Анжуманда иштирок этган хорижлик мутахассислар сўнгги йилларда мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда қўлга киритилган ютуқлар билан танишар экан, Ўзбекистон тиббиёт соҳаси ривожланган давлатлар қаторига киришини қайд этди.
– Бугунги йирик халқаро анжуманда иштирок этар эканмиз, Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар биз меҳмонларни ҳайратга солди, – дейди Жанубий Кореядаги Чоннам миллий университети профессори Жае Кью Ким. –Мамлакатингизда тиббий ёрдам хизмати самарали ишлаб чиқилган. Умид қиламизки, ўтказилаётган қурултой Ўзбекистон ва Корея давлатларининг тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди.
Қурултой иши 30 октябр куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида секцияларда давом этади.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати