“Саломатлик – 2020” сиёсатини амалга оширишга бағишланган анжуман
Жорий йилнинг 27 октябр куни Тошкентда “Саломатлик – 2020” сиёсатини амалга ошириш бўйича Миллий анжуман ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, миллий ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шавкат Тиллаев кириш сўзи билан очиб, соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқлар, ижобий ўзгаришлар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтди.
“Саломатлик – 2020” сиёсати инсон саломатлиги ва келгуси авлодлар камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган. Ўзбекистонда ушбу устувор йўналишлар бўйича дунё мамлакатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли дастурлар ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда.
Анжуман давомида соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган натижалар, тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги натижалари хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир 28 октябр куни “Пойтахт” бизнес-марказида давом этади. Анжуманнинг иккинчи куни Ўзбекистонда аҳолининг хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши ва соғлом овқатланиши соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ва бошқа муҳим масалаларга бағишланади.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати