Соғлом турмуш – соғлом келажак асоси
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши, Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда фаол ўқувчи-талабалар иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур фестивални ўтказишдан мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларда турли салбий иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортнинг экстремал турларига жалб қилиб, бўш вақтини самарали ташкил этиш ва иқтидорини юзага чиқаришдан иборат.
Фестиваль доирасида велосипедда кўргазмали чиқиш, рақсли ҳаракатлар, экстремал спорт турлари намойиш этилди.
– Кўргазмали чиқишларда пойтахтимиздаги таълим муассасаларининг ўн беш ёшдан ўттиз ёшгача бўлган тўқсондан ортиқ ўқувчи-талабаси иштирок этди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши бўлим мудири Қаҳрамон Мавлонов. – Экстремал спорт турларини оммалаштириш орқали ёшларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш энг муҳим вазифамиздир.
Якунда фаол иштирокчилар тақдирланди.
Шаҳноза Маматуропова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
Манба: uza.uz