Нагоя Университети делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир Анвар Алимов ва Нагоя Университети Президенти Сейичи Мацуо бошчилигидаги делегацияси учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқори ва ўрта бўғин раҳбарлари ҳамда Нагоя Университети (Япония) вакиллари иштирок этишди.
Соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимов меҳмонларни қабул қилиш вақтида мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йилларданоқ Япония Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб келаётганини қайд этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик руҳида барча йўналишларда, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида изчиллик билан ривожланмоқда.
Нагоя Университети Президенти Сейичи Мацуо самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, Нагоя Университети Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тиббий йўналишдаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича ҳамкорликни давом эттириш режаси борлигини таъкидлади. С.Мацуо Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарларига Ўзбекистонлик 14 нафар тиббиёт мутахассисига Японияда ўз билими ва малакасини ошириш имконини берган “Ёш лидерлар” дастури доирасидаги мустаҳкам ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.
Учрашув давомида япон делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолияти билан танишди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Нагоя Университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини белгилашди.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати