UZ RU
26.10.2015

Тиббий патронаж хизмати истиқболлари

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида мамлакатимизда тиббий патронаж хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, бу йўналишда жойларда фаолият юритаётган «Саломатлик секторлари»нинг ишини янада кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда ташкил этган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар, ҳамширалар иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар инсон саломатлигини асраш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, замонавий тиббий ёрдамдан халқимизнинг баҳрамандлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида»ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Мамлакатимизда «Соғлом она – соғлом бола» миллий моделини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан аҳолининг барча қатламини, хусусан, болалар, ўсмирлар, туғруқ ёшидаги аёлларни тўлиқ қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида ушбу йўналишда ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларга қарийб тўққиз ярим миллион фертиль ёшидаги аёл, саккиз миллиондан ортиқ бола қамраб олинди. Кўриклар давомида касаллиги аниқланганлар босқичма-босқич соғломлаштирилмоқда.

Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишда патронаж хизматининг алоҳида ўрни бор. Замонавий тиббиётнинг муҳим йўналиши бўлган мазкур тизим нафақат тиббий-профилактика, балки инсон саломатлигини муҳофазалашга хизмат қиладиган кўплаб тармоқларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда аҳолига бу йўналишда самарали ёрдам кўрсатиш бўйича мукаммал тизим яратилган. Бугунги кунда уч мингга яқин қишлоқ врачлик пункти, юздан зиёд оилавий поликлиникада ўн мингдан ортиқ умумий амалиёт врачи, 17 мингдан зиёд ҳамшира фаолият кўрсатмоқда. Ушбу тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси йилдан-йилга такомиллашиб бораётир.

Бирламчи тиббий-профилактика тизимида патронаж ҳамширалар фаолияти йўлга қўйилгани аҳоли орасига чуқур кириб, оиланинг тиббий-ижтимоий аҳволини ўрганиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу мутахассисларнинг малака ва маҳоратини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор технологияларини уларнинг иш жараёнига татбиқ этиш мақсадида патронаж ҳамшираларнинг ишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартда қабул қилинган «Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қўлланаётган мазкур усул тиббий хизматни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир. 2014 йилда юртимизнинг турли ҳудудларидаги юзга яқин қишлоқ врачлик пунктида ҳамширалар ишини рейтинг баҳолаш тизими синовдан ўтказилиб, ижобий хулосалар олинди. Бундай тажриба жорий йилда ўн саккизта туманда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан маҳаллаларда «Саломатлик секторлари» ташкил этилгани тиббий патронаж фаолияти самарадорлигини янада ошириш, соғлом турмуш тарзига оид тарғибот ишларини кучайтириш, инсон саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофазалаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш имконини кенгайтирмоқда. «Саломатлик секторлари» фаолиятида ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти ёки оилавий поликлиника шифокорлари ва ҳамширалари билан бирга маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари ва бошқа нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Ҳафтанинг ҳар бир кунида аҳолининг алоҳида қатламини қамраб олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

– Сешанба ҳомиладор аёллар билан ишлаш куни, деб белгиланган, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Раъно Аҳмедова. – Шу куни патронаж ҳамширалар хонадонларга чиқиб, ҳомиладор ва яқинда фарзандли бўлган оналар саломатлигини чуқур ўрганади. Репродуктив саломатликни асраш бўйича тарғибот юритилади. Бу жараёнда маҳалла ва бошқа нодавлат ташкилотлар вакиллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани она ва бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларни бартараф этиш имконини бермоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар туфайли экстрагенитал касалликларни камайтириш, оналар ва болаларнинг саломатлик кўрсаткичини яхшилаш, соғлом фарзандлар дунёга келишига эришмоқдамиз. Мазкур анжуман бу борадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, патронаж хизматининг сифатини ошириш, патронаж ҳамшираларнинг билим ва тажрибасини бойитишда муҳим роль ўйнайди.

Анжуманда «Соғлом она – соғлом бола» миллий моделининг улкан самаралари, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, халқимизга тиббий-профилактика ёрдами кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган маърузалар тингланди. «Саломатлик секторлари»нинг фаолиятини ташкил этиш, патронаж ишларини амалга оширишда тиббиёт муассасалари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги масалалари атрофлича таҳлил этилди. Эришилаётган ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этишда патронаж хизмати зиммасида турган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида жойларда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳаларга оид кўргазмалар намойиш этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz