Навбатдаги Ҳайъат йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 23 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор форматида ўтказилган йиғилишда мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Ҳайъат йиғилиши соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимов раислигида ўтказилди. Ўзининг кириш сўзида вазир мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини алоҳида қайд этди.
Ҳайъат йиғилиши очиқ деб эълон қилингач, кун тартибига киритилган қатор масалалар хусусида маърузалар тингланди. Республиканинг 2015 йилнинг 9 ойи давомида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилиши ҳақида ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимов маъруза қилди.
Шундан сўнг, “Ўзфармсаноат” АК раиси А.Дўстмуродов соҳада амалга оширилган ишлар ва ривожланиш истиқболлари ҳақида қисқа маълумотлардан иборат “Маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш” мавзусида чиқиш қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 август “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2014 йил 27 октябрдаги “Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2010 йил 22 июлдаги 156-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорларининг ижроси Ҳайъат йиғилишининг кейинги масаласи бўлиб, бу бўйича Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Р.Ҳасанова, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори М.Каттаходжаева маълумот берди.
Кун тартибининг кейинги масаласи, яъни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда Назорат-тафтиш бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган текшириш натижалари ва молиявий қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар тўғрисида Молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиғи Б.О.Хошимов маърузаси тингланди.
Шундан сўнг, Ҳайъат йиғилиши иштирокчиларига Вазирлар Маҳкамасининг “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида” 2014 йил 10 сентябрдаги қарорининг бажарилиши ҳақида Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Н.С.Атабеков маълумот берди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2013-2014 йилларга мўлжалланган қарори ва Миллий ҳаракат Дастурининг ижроси юзасидан Наманган ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.М.Хусанов маъруза қилди.
Кун тартибининг кейинги масаласи – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларини 2015 йилга дори-дармон ва тиббий буюмларга буюртмаларнинг таҳлили, ажратилган пул маблағларига дори-дармон, тиббий буюмлар, гиёҳванд ва психотроп воситаларни буюртмага асосан сотиб олиш аҳволи юзасидан «Дори-дармон» акциядорлик компанияси директори ўринбосари А.Камилов маълумоти тингланди.
Ҳайъат йиғилишининг навбатдаги масаласи аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш тадбирларига бағишланиб, бу ҳақда Саломатлик ва тиббий статистика институти директори З.Д.Муталова маъруза қилди.
Вазирликнинг Тиббиёт муассасаларидан комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Б.Т.Эргашевнинг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволов-профилактика муассасаларида 2015-2016 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олиб борилган тадбирлар” мавзусидаги маърузасида мазкур муассасаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилинди.
Шундан сўнг йиғилганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилнинг 12 январидаги «Ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қарори ва 2009 йил 28 августдаги 11-10 сонли тартиб талабларининг жойларда бажарилиши ҳақидаги маърузалар билан танишди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди ва раҳбарларга топшириқлар берилди.
“UzMedInfo” маркази
ахборот хизмати