Фахрийлар саломатлиги доимо эътиборда
Жорий йилнинг ўтган даврида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Олмазор тумани бўлимидан маълум қилишларича, туманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кексаларда сурункали, яширин кечувчи касалликларни эрта аниқлаш йўли билан касалликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида 2200 фахрий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида уларга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди.
Тиббиёт муассасалари амалиётига диагностика ва даволашнинг элликдан ортиқ янги усули жорий этилгани туфайли кўплаб мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтказилди. Чунончи, йирик бўғимлар касаллиги билан оғриган 80, умуртқа поғонаси касаллигига чалинган 70 беморга реконструктив-тиклаш ҳамда консерватив-терапевтик даволаш йўли билан тиббий муолажа кўрсатилди. Кўз касалликларига чалинган 35 беморга жарроҳлик йўли билан тиббий ёрдам кўрсатишга йўлланма берилди.
Тумандаги 58 маҳалла фуқаролар йиғинида оталар чойхонаси, шахмат-шашка клуби ташкил этилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида 80 дан ортиқ меҳнат фахрийсининг юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилиб, улар мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари билан таништирилди.
– Нуронийларимиз Президентимиз ва халқимизнинг доимий эътибори ҳамда ғамхўрлигини ҳис этиб яшамоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Олмазор тумани бўлими раиси Аҳмад Хўжаев. – Туманимиздаистиқомат қилаётган 34 мингдан зиёд кексанинг 35 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 320 нафари меҳнат фронти фахрийсидир. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, 286 нафари санаторийларда соғломлаштирилди.
– Ошқозоним тез-тез безовта қиларди, – дейди меҳнат фахрийси Шоҳмарат Фозилов. – Оилавий поликлиникамизда ўтказилган тиббий кўрикда шифокорлар "Чинобод" санаторийсига йўлланма беришди. Сиҳатгоҳда зарур муолажаларни олгандан сўнг ошқозонимдаги оғриқлар йўқолди. Биз кексаларни эъзозлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашимиз учун барча шарт-шароитни яратиб бераётган Юртбошимиздан миннатдормиз.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
Манба: uza.uz