UZ RU
23.10.2015

Соғлом она – соғлом авлод гарови

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада тизимли чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилишида давлат тузилмалари қатори кўплаб жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётир. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳам алоҳида ўрни бор. Жамғарма томонидан хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялашдек муҳим вазифаларга қаратилган кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида” ҳамда 2015 йил 18 февралдаги “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, жамғарма томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2014 йилда фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити атрофлича ўрганилди. 75 мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар этиб вояга етказиш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган бундай ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

Шу йилнинг ўтган даврида, фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан аҳоли, айниқса, вояга етмаган ўғил-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қарийб 27 минг аёл, 8 мингдан зиёд ўсмир, умуман, 55 мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жамғарманинг Тошкент вилояти бўйича минтақавий филиали масъул ходими А.Эргашевнинг айтишича, вилоятда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида минглаб аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Чекка ҳудудлардаги аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига маълум миқдорда дори-дармон, гигиеник воситалар ва кийим-кечаклар топширилди. Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Йод етишмаслиги, қандли диабет, камқонлик каби хасталикларга чалинган ҳомиладор аёлларни зарур витаминлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳалла, таълим муассасалари, турли жамоат ташкилотларида “Соғлом она – соғлом бола”, “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш” мавзуларида уч юзга яқин маданий-маърифий тадбирлар, семинар-тренинг ва акциялар ташкил этилди.

Оҳангарон туманида “Аҳоли саломатлиги йўлида” мавзусида ташкил этилган тиббий кўрикда фонднинг тиббий-ижтимоий маркази шифокорлари аҳоли, айниқса, ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

– Ҳаво ҳароратининг ўзгариши, фасллар алмашиши инсон саломатлигига ҳам таъсир этар экан, – дейди Дилноза Обидова. – Шу денг, ҳар йили совуқ тушиши билан умуртқа поғонам оғрий бошлайди. Давлатимиз бор бўлсин. Шифокорларимизга раҳмат. Қаранг, уларнинг ўзи келиб, ширинсуханлик билан кўриб қўйди. Муолажаларни вақтида олсам бўлди экан. Шу баҳонада ўғлим Иброҳимжонни ҳам дўхтирлар кўриб қўйди. Ҳеч қандай касаллик белгилари аниқланмагани ва ҳар томонлама соғлом вояга етаётганидан жуда хурсанд бўлдим.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондидан олинган маълумотларга кўра, Корея Республикаси халқаро соғлиқни сақлаш фонди KOFINнинг грант лойиҳасини амалга татбиқ этиш мақсадида мазкур тиббий кўриклар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида ҳам ўтказилади.

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА

Манба: uza.uz