UZ RU
21.10.2015

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорати марказида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда вазирликлар, қўмиталар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, саноат корхоналари вакиллари, олимлар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари А.Қамбаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, халқимиз дастурхонини юртимизда етиштирилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, оилаларда соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этишга қаратилаётган доимий эътибор аҳоли саломатлигини асраш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Бугунги глобаллашув даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилгани инсон манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, 1997 йил 30 августда қабул қилинган «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши муҳим самаралар бераётир.

Мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати жадал ривожланмоқда. Мустақиллик йилларида ушбу тармоқ корхоналари ўн баробарга кўпайди. Агросаноатни модернизациялаш бўйича амалга оширилган изчил тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошиб бораётир. Хусусан, жон бошига тўғри келадиган гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 карра, картошка 1,7 баробар, сабзавотлар 2 мартадан зиёд, мевалар қарийб 4 баробар ортди.

Аҳолини йил давомида мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий андозалар асосида иссиқхоналар ташкил этиш, боғлар, токзорлар майдонини кенгайтириш, етиштирилган ҳосилни куз-қиш даврида сифатли сақлаш имконини берадиган омборхоналар барпо этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Ушбу амалий ишлар билан бирга, аҳоли орасида соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этиш ҳам тизимли равишда олиб борилаётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори асосида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилаётир.

Тадбирда мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни ривожлантириш, хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли орасида овқатланиш маданиятини тарғиб этиш-тушунтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маърузалар тингланди ва бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Манба: uza.uz