UZ RU
21.10.2015

Нуронийлар умрига умр қўшиб

Қуйидаги манзара барчамизга яхши таниш: қишлоқ врачлик пункти ёки оилавий поликлиника ҳамшираси хонадон эшигини тақиллатиб, уй бекасини сўрайди ва “бугун фарзандингизни эмлашга олиб боринг”, дейди. Кейинги пайтларда бу кўриниш бироз ўзгарди. Уйингизга келган ҳамшира ёки умумий амалиёт шифокори нафақат она ва унинг гўдаги, балки шу хонадондаги ёши улуғ инсонлар, кексалар саломатлиги билан ҳам қизиқиб, уларга ўз маслаҳат ва тавсияларини бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинган жорий йилда нуронийларимиз бир неча бор ана шундай “безовта қилиниб”, тиббий муассасаларда ёки ўз хонадонларида малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Ташхис натижаларига қараб, уларга бепул дори-дармон ва тиббий воситалар тарқатилди.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури асосида йил бошидан буён 239 минг 500 дан зиёд кекса тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Касаллик аниқланган нуронийлар амбулатор шароитда ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида саломатлигини тиклаган. 1 минг 800 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийси, кексалар ва ногиронлар санаторий-соғломлаштириш муассасаларида дам олган.

Ёши улуғ инсонларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш, уларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган эзгу ишлар Каттақўрғон шаҳрида ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида кекса авлодга кўрсатилаётган юксак эътибордан каттақўрғонлик фахрийлар ҳам беҳад мамнун, шундай дориломон юртда яшаш бахтига муяссар бўлганига шукроналар келтирмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими раиси ўринбосари Мели Жумаев. – Давлат дастурига кўра, йил бошидан буён 130 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийси ҳолидан хабар олиниб, уларга вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари берилди. Ўн бир нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра ўттиздан ортиқ нуроний имтиёзли йўлланма асосида мамлакатимиздаги санаторий-соғломлаштириш масканларида даволаниб келди.

Йил бошидан буён шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштирокида бир неча марта чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилган бўлса-да, вилоят ва мамлакат миқёсидаги муассасалар шифокорлари томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилган саломатлик ҳафталигида шаҳардаги барча фахрийлар қамраб олинди. Жумладан, 30 га яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийси ўз хонадонларида юқори малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармон тарқатилди.

Кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизга хос фазилат. Ҳар бир оила, маҳалла, корхона ва ташкилотда ёши улуғ инсонларга алоҳида меҳр-эътибор билан муносабатда бўламиз. Ана шу қадрият, олижаноб фазилатлар бугун давлатимиз амалга ошираётган инсонпарвар сиёсатда ўзининг юксак ифодасини топмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Манба: uza.uz