UZ RU
16.10.2015

Соғлом авлод – келажагимиз бунёдкори

Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 40-модда.

Тани ва руҳи соғлом одам жамият бойлигидир. Соғлом инсонлардан соғлом фарзандлар дунёга келади. Соғлом авлод мамлакатнинг қудрати ва ёрқин келажагини таъминлайди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар этиб вояга етказишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Буни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Филиалнинг шаҳар ва туманлардаги 15 таянч пунктида ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада аҳоли ўртасида мунтазам ўтказилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирлари муҳим аҳамият касб этаётир. Таниқли спортчилар билан ўтказилаётган “Чемпионлик сирлари”, “Жаҳонни лол қолдираман десангиз” каби учрашувлар, турли мавзулардаги давра суҳбатлари ёшларда катта таассурот қолдирмоқда.

Болалар туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш, аҳоли генофондини мустаҳкамлашда “Она ва бола скрининги” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Соғлом бола туғилиши учун, аввало, соғлом оилани шакллантириш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди. Айниқса, ўқув юртлари, маҳаллаларда олиб борилаётган бундай ишларимиз самараси катта бўлмоқда.

Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”, деган сўзларига амал қилган ҳолда, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд кексалар, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари фондимиз жамоасининг доимий эътиборида.

Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан чекка ҳудудларда, олис овулларда яшовчи қариялар, юз ёшдан ошган отахону онахонлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, дори-дармон ва санитария-гигиена буюмлари билан бепул таъминланаётир. Жойларда ўтказилаётган “Аср билан юзма-юз” акцияси доирасида юз ёшдан ошган кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий-маънавий кўмак берилишини ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган катта ҳурмат-эҳтиром намунаси, дейиш мумкин.

Камтарона меҳнатларинг қадрланса, элда ҳурмат-эътибор топса, инсонда янги куч-шижоат пайдо бўлиб, эл-юртга, жамиятга янада кўпроқ наф келтиргиси келаверар экан. Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётганини ўз фаолиятим мисолимда кўриб турибман. Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан бениҳоя хурсандман.

Сени эъзозлайдиган, меҳнатингни қадрлайдиган, ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган юртда яшашнинг ўзи улкан бахт. Мустақиллик шарофати билан меҳнатимиз қадр топаётгани, эътироф этилаётгани давлатимиз раҳбарининг эл-юрт манфаати, унинг фаровонлиги йўлида узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати самарасидир.

Оразгул Ембергенова,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали
директори, “Дўстлик” ордени соҳибаси.

Манба: uza.uz