2020 йилга бориб ўзбекистонликларда халқаро намунадаги электрон тиббиёт карталари бўлади
Лойиҳа ҳақида муҳбиримизга Электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази – Uzmedinfo ахборот хизматида батафсил сўзлаб беришди.
Электрон тиббий карта ёки уни халқ орасида анкета деб аталади, поликлиникада туғилган вақтдан бошлаб умрбод юритилади. Бундай форматга ўтиш кишига одатдаги қоғоз анкеталардан фойдаланганда юзага келадиган бир неча муаммони бир йўла ҳал этиш имконини беради.
Давлат шифохоналарида бўлганидек, ҳусусий клиникаларда ҳам шифокорлар беморлар анкетаси билан танишишда бир хил имкониятга эга бўладилар. Бу жуда муҳим, негаки, агар бугун киши ҳусусий клиникага ёрдам сўраб мурожаат қилса, унга кўрсатилган тиббий ёрдам ҳақидаги маълумот тиббий картадан ташқарида қолиб кетади. Ахир, айни шу маълумотлар беморга навбатдаги ёрдамни кўрсатишда керак бўлиб қолиши мумкин-ку.
Электрон тиббий карталар тизими «МДҲ иштирокчиси бўлган давлатларнинг биргаликда миллий телетиббиёт тизимини яратишдаги, уларнинг ривожланиши ва фойдаланишдаги ҳамкорлиги тўғрисида»ги битим ва халқаро стандартлар асосида ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу унинг асосий бўлимларини дунёнинг ҳар қандай клиникаларида ўқиш мумкинлигини билдиради, зеро, улар халқаро стандартлар ва “электрон тиббий ёзувлар”ни юритиш классификаторлари асосида яратилади.
Электрон тиббий карталарни юритиш беморлар ва шифокорлар вақтини анча тежайди. Улар керакли маълумотни олишлари учун компьютернинг бир неча клавишини босишлари кифоя ва тизимнинг ўзи зарур маълумотни саралаб топиб беради.
Жорий этиладиган тизим салбий инсон омилини деярли истисно этади. Яъни шифокор ўз вазифасини суистеъмол қилиб, нотўғри маълумотларни ёза олмайди.
Манба: ut.uz