«Оммавий маданият» ва ёшлар
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маърифий муҳитни янада соғломлаштириш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдириш, миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш ҳамда изчил тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда ёш авлодни турли таҳдидлардан, хусусан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Глобаллашув туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
– Маънавий таҳдидлар асосан интернет тармоғи орқали кириб келаётганини ҳисобга олиб, ёшларимизнинг интернетдан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш борасидаги тушунтириш-тарғибот ишлари кучайтирилмоқда, – дейди ЎзХДП Яшнобод туман бўлими “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчиси Умид Ҳошимов. – Бу навқирон авлоднинг маънавий иммунитетини ошириш, уларни ўз касбининг моҳир мутахассиси, ижтимоий-сиёсий фаол шахс сифатида вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда турли соҳаларда билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди. Таълим муассасаларида ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда юрт равнақига дахлдорлик туйғусини тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, маънавиятимизга ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: uza.uz