UZ RU
14.10.2015

Саратонга қарши кураш бўйича халқаро форум ўз ишини бошлади

2015 йилнинг 14 октябр куни пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида “Марказий Осиёда саратонга қарши кураш бўйича халқаро Форум” ўз ишини бошлади.

Ушбу форумда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Миллий саратонга қарши курашиш институти (NCI), Саратонга қарши кураш халқаро Иттифоқи (UICC), МДҲ ва Евросиё онкология ва рентгенология институтлари ва марказлари директорлари Ассоцияцияси (АДИОР) ва бошқа ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этишмоқда.

Форум дастурининг мақсади саратон касалликлари назорати бўйича режаларни ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва уларни татбиқ этиш борасида Марказий Осиёнинг 5 та қатнашчи давлатлари, МДҲ ва қўшни давлатларнинг алоҳида вакилларининг имкониятларини яхшилашдир.

Ушбу халқаро анжуман яқин ва узоқ хориж давлатлари мутахассисларини ўзига жалб қила олди. Иштирокчиларнинг умумий сони 250 нафарни ташкил қилиб, улардан 164 нафар делегат мамлкатимиздан, 86 нафар делегат эса Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Ҳиндистон, Туркия, Белгия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, шунингдек, ЖССТ вакилларидир.

Тантанали очилишдан сўнг форум ўз ишини пленар йиғилишлар шаклида давом эттирди. Унда дунё миқёсида саратонга қарши олиб борилаётган кураш борасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, тиббиёт фанлари докторлари – NCI дан Эдвард Тримбл, UICC дан Тезер Кутлук, АCS дан Отис Браули, ЖССТ дан Джилл Фаррингтон ва Энрике Лоёла, шунингдек, МДҲ ижроия қўмитасидан Георгий Нарушевич маърузалари тингланди.

– Бугун очилиши бўлиб ўтган Марказий Осиёда саратонга қарши кураш бўйича халқаро форумнинг тиббиёт соҳаси учун аҳамияти ниҳоятда катта, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, Саратонга қарши кураш халқаро Иттифоқи президенти Тезер Кутлук. – Ушбу форум ўтказилишидан мақсад дунё олимларининг саратонга қарши курашда тўплаган тажрибаларини бир жойга жамлашдир. Дунё олимлари касаллик хавфини камайтириш йўлида кўплаб ижобий натижаларни қўлга киритмоқда. Форумни ўтказиш учун айнан Ўзбекистоннинг танланганига сабаб, мамлакатингиз саратоннинг олдини олиш ва даволаш бўйича катта тажрибага эга ва яхши натижаларга эришган.

Пленар йиғилишдан сўнг форум қатнашчилари ўз ишини секцияларда давом эттиришди ва меъда-ичак йўллари саратони, аёллар репродуктив аъзолари ва болалар онкологиясида эрта ташхислаш борасида ўсмага қарши курашнинг кейинги ривожи хусусида етакчи мутахассислар иштирокида мунозаралар олиб боришди. Ушбу йиғилишларда соҳа бўйича дунё миқёсида эришилаётган ютуқлар, мавжуд муаммоларни саратонга қарши кураш халқаро иттифоқи дастури доирасида бартараф қилиш йўллари муҳокама қилинди.

– Саратонга қарши кураш бўйича ўтказилаётган мазкур йирик форумда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – дейди тиббиёт фанлари доктори, АҚШ Миллий саратонга қарши курашиш институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази директори Эдвард Тримбл . – Дунёда онкологик касалликлар билан касалланган беморлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боис, саратон катта ижтимоий хавф келтирувчи касалликлардан бири ҳисобланади. Унга қарши курашда профилактика ва скринингнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларида саратон профилактикаси, уни олдиндан аниқлаш яхши йўлга қўйилган. Келгуси вазифа уни янада яхшилаш бўлмоғи лозим.

15-16 октябр кунлари форум иши секцияларда давом эттирилади. Унда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати делегатлари NCI ва UICC етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда саратонга қарши курашни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқишади.

Тадбир якунида форум резолюцияси қабул қилинади. Ушбу резолюция кенг муҳокама қилинганидан сўнг, онкология соҳасидаги етакчи журналларда нашр қилинади ва тиббиёт соҳаси мутахассисларига етказилади.

Форумда ушбу мулоқотлар ўз вақтида ўтказилаётганлиги, иштирокчилар дунё онкология амалиёти ва илмига улкан ҳисса қўшаётганликлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

«UzMedInfo» маркази

Ахборот хизмати