Қишлоқ врачлик пунктлари – аҳоли хизматида
Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури асосида бирламчи тиббий-санитария хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Сўнгги йилларда вилоятда 283 қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Уларнинг 61 таси учун янги бинолар қурилди, қолганлари капитал реконструкция ва таъмирдан чиқарилди.
Бугун вилоятнинг энг чекка ҳудудида ҳам замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.Саломатлик лойиҳалари доирасида ФЕК, ЭКГ, автоклав, центрифуга ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг касб маҳоратини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Туман тиббиёт бирлашмалари қошида ҳамширалар ўқув хоналари ташкил этилган.
– Қишлоқ аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, малакали тиббий хизмат кўрсатишда бирламчи тиббиёт муассасаларининг аҳамияти катта, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи М.Содиқов. – Шу боис манзилли дастур асосида вилоятдаги барча саломатлик масканлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида барча қишлоқ врачлик пунктларида дорихона шохобчалари ва фитобарлар фаолияти йўлга қўйилди.
Аҳоли ўртасида тушунтириш ишларининг мунтазам олиб борилаётгани, ҚВПларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг билим ва касб малакасини оширишга доимий эътибор қаратилаётгани турли юқумли хасталикларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этишда юксак самара бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан қишлоқ жойларда яшайдиган ҳомиладор аёллар таркибида фоли кислотаси бўлган поливитаминларнинг махсус комплекслари билан бепул таъминланмоқда.
Вилоятда “Соғлом она – соғлом бола” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш ишлари изчил олиб борилаётир.Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликни эрта аниқлаш ва соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Тошкент тиббиёт академияси Фарғона вилояти филиали мутахассислари қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, улардаги тиббиёт ходимларига амалий кўмак бераётир. Олиб борилаётган тушунтириш ишлари натижасида эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар камайишига эришилмоқда. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури асосида кекса авлод вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Данғара туманида 19 қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Барча шароитга эга мазкур шифо масканлари Саломатлик лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган.
“Телиминг” қишлоқ врачлик пункти тумандаги намунали тиббиёт муассасаларидан. Айни пайтда мазкур ҚВП ҳудуддаги 9 мингдан ортиқ аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатади.
Замонавий қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик-2” лойиҳаси бўйича тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ташхис қўйиш, даволаш, тиббий кўрик ишлари намунали йўлга қўйилган ҚВПнинг малакали тиббий ходимлари асосий эътиборни профилактика ишларини кучайтиришга қаратмоқда. Турли хасталикларга қарши эмлаш тадбирлари юқори даражада ўтказилади. Қишлоқ врачлик пункти мудири Абдупатто Абдуллаевнинг айтишича, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оила ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича олиб борилаётган тушунтириш ишлари ўз самарасини бераётир.
– Илгари арзимаган нарса учун ҳам туман марказига боришга мажбур эдик, – дейди Ғуломжон ота Собиров. – Энди қишлоғимизнинг ўзида замонавий тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шифокорлар, ҳамширалар соғлиғимиздан доимо хабардор.
Тумандаги барча қишлоқ врачлик пунктларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатли йўлга қўйилгани боис аҳолининг ушбу бирламчи тиббиёт бўғинига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланиб бораётир. Бу турли касалликларнинг камайиши ва аҳолининг тиббий маданияти юксалишига хизмат қилмоқда.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: uza.uz