UZ RU
13.10.2015

Тўғри овқатланиш ва саломатлик

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон саломатлигини асраш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор халқимизнинг узоқ умр кўриш кўрсаткичини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни изчил давом эттиришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анатолий Худойберганов билан ЎзА мухбирининг суҳбати тўғри овқатланишнинг инсон саломатлигида тутган ўрни, бу борадаги миллий қадриятлар ва замонавий тамойиллар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида бўлди.

– Тўғри овқатланиш узоқ умр кечиришнинг муҳим омилидир. Буюк аждодларимиз бу хусусда кўплаб қимматли маълумотлар қолдирган. Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино таълимотида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Улуғ алломанинг асарларида қайд этилишича, тансиҳатликнинг асосий тадбири парҳездир.

Бугунги кунда буюк аждодимиз ўгитларининг аҳамияти тобора ортиб бораётир. Кам ҳаракат, меъёридан ортиқ таом истеъмол қилиш, пала-партиш овқатланиш кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлаётир. Бунинг олдини олиш тиббий-профилактика хизматини янада ривожлантириш, илм-фан изланишларини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда ушбу соҳадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилган. Соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базаси такомиллашаётгани диагностика ва даволаш ишлари сифатини ошириш, тиббий-профилактика хизматини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, халқимизни юртимизда етиштирилган экологик соф, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Рационал овқатланиш билан боғлиқ миллий қадриятларимиз ва замонавий тамойиллар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзбек оиласида барчанинг дастурхон атрофида жамулжам бўлиб овқатланиши бебаҳо қадрият даражасига кўтарилган. Таомга аввало ёши улуғ инсонлар қўл узатади. Бу жараёнда ёшларимиз катталардан меъёрида таом истеъмол қилиш, нафсни тийиш билан боғлиқ маънавий ва тиббий тарбия олади. Оилаларда таом тайёрлашда хонадон бекалари нуронийларнинг тажрибасини ўрганиш, тоза-озодаликни сақлаш, овқатни меъёрида пишириш, ҳар куни хилма-хил овқатлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади.

Бугунги тиббиётда бу борадаги миллий қадриятларимиз алоҳида эътиборга олингани қувонарлидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилинган соғлом овқатланишнинг ўн икки тамойили ичида ушбу жиҳатлар ўз ифодасини топган. Озиқ-овқатлар хилма-хиллиги, овқатланишда меъёрни сақлаш каби жиҳатлар дунёда кенг тарғиб этилмоқда.

Ёғ ва тузни кам истеъмол қилиш тавсия этилади. Чойни иложи борича таом билан бирга истеъмол қилмаслик лозим. Овқатдан бир-икки соат кейин чой ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бундай тамойиллар аҳоли орасида кенг тарғиб этилмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли саломатлик ва тиббий статистика институти, тегишли илмий-тадқиқот ва тиббиёт олий ўқув юртлари мутахассислари билан ҳамкорликда махсус буклетлар чоп этилиб, аҳоли орасида тарқатилмоқда.

– Инсоннинг кундалик овқатланиш рационида мева-сабзавотларнинг улуши қанчани ташкил этиши керак?

– Баъзи оилаларда тўғри овқатланиш тушунчасини юқори калорияли таомларни тўйиб ейиш, деб тушунилади. Бу зарарли одат кўплаб хасталикларга замин бўлади. Ҳолбуки, мева-сабзавот инсон организми учун жуда фойдали. Овқатланиш рационида бунга аҳамият берадиганлар ўз саломатлиги ҳақида қайғурган бўлади.

Айниқса, болаларнинг овқатланиш тарзига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Ота-оналар фарзандларига бу борада ибрат бўлиши керак. Овқат билан бирга помидор, бодринг, қизил лавлаги, кўкатлар ва бошқа табиат неъматлари асосида тайёрланган салатлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади. Мактабгача тарбия муассасалари ва мактабларда ҳам овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, тўғри овқатлантириш билан бирга бу борадаги миллий қадриятлар ва замонавий тиббиёт тамойилларини ёшлар онгига сингдириш муҳим вазифадир.

Айтиш жоизки, жаннатмонанд юртимизда тўғри овқатланиш учун барча шароит муҳайё. Она заминимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам юзлаб хил табиат ноз-неъматлари етиштирилади. Ҳатто қиш фаслида ҳам бозорларимиздан сархил мева-сабзавотлар, кўкатлар узилмайди.

Ўзбек пазандачилиги таомларга бойлиги ва хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Сумалак, кўк сомса, кўк чучвара, ялпизли мошхўрда, палов, кабоб, карам ва қалампир дўлма, айрон, гўжа ош, сабзавотли димламалар, қовурилган балиқ, беҳили палов, қовоқ сомса, сархил мевалардан тайёрланган овқатлар дастурхонимизга файз бағишлайди. Бизнинг вазифамиз улардан ёшимиз, касбимиз, йил фасллари, соғлиғимиз ҳолатидан келиб чиқиб оқилона тановвул қилишдир.

Мамлакатимизда соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жараёнида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори асосида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси бўйича бу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда юқори сифат ва самарадорликка эришиш, улар сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, халқимизни юртимизда етиштирилган экологик соф, тўйимли, сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Тўғри овқатланиш ва у туфайли саломатликка эътибор бериш ҳар бир инсоннинг тиббий маданиятига ҳам боғлиқ. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни тарғиб этишни янада кучайтириш лозим. Шу мақсадда диетолог мутахассислар тайёрлаш, шифокорларнинг малака ва маҳоратини юксалтириш, диетология йўналиши бўйича ўқув-услубий дастурлар ва қўлланмаларни замон талабидан келиб чиқиб янгилаш ва такомиллаштириш юзасидан кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

Бу каби чора-тадбирлар инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, инсон умрини узайтириш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш каби эзгу ишларга хизмат қилмоқда.

Баҳор Хидирова, ЎзА

Источник: uza.uz