Санитария–эпидемиологик осойишталикни таъминлашда қонунчилик тизими
Жорий йилнинг 12 октябр куни Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг қонунчилик тизими, тўпланган тажриба ва устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қатор вазирлик ва ташкилотлар, Республика Давлат санитария-эпидемиология хизмати вакиллари иштирок этди.
Анжуманни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев очиб берди.
Шундан сўнг, Республика давлат санитарияэпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов яқинда кучга кирган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Б.Алматов қайд этганидек, мазкур қонунда санитария-эпидемиологик осойишталик борасидаги муносабатлар тартибга солиниб, бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Қонунда санитария-эпидемиология соҳасида жисмоний ҳамда юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан биргаликда уларнинг жавобгарлиги ўз ифодасини топгани эътирофли жиҳатдир.
Ўзбекисон Республикасининг “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги Қонуни 1992 йилдан амалда қўлланиб келинаётган эди. Ушбу Қонун доирасида кенг кўламли олиб борилган санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари натижасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, аҳоли орасида юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорликни сақлаб туриш борасида катта ютуқларга эришилди. Хусусан, санитария-эпидемиология назоратини самарали ташкил этиш, хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, эмлаш орқали бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши курашишда сезиларли натижаларга эришилди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда қатор юқумли касалликлар билан касалланиш даражасининг сезиларли пасайишига эришилди. Шу билан бирга, 1993 йилдан вабо, тошмали тиф, 1996 йилдан полиомиелит, 2000 йилдан дифтерия касалликлари рўйхатга олинмади.
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
«UzMedInfo» маркази
Ахборот хизмати