Тиббий кўрик – саломатлик омили
Бугунги кунда жойларда тиббий кўрикларни жаҳон тиббиётининг илғор тамойиллари асосида ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Оилавий поликлиникалар тиббий таҳлилларни юқори савияда ўтказиш, бирламчи касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва соғломлаштириш учун зарур бўладиган диагностика ва даволаш воситалари билан таъминланган.
Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника фаолияти бунга мисолдир. Тиббиёт ходимларининг маҳалла фаоллари билан ҳамкорлиги соғломлаштириш лойиҳаларини ташкил этишда яхши самара бермоқда. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг асосий қисми, хусусан, қарийб икки ярим минг нафар нафақа ёшидаги нуроний тиббий кўрикка жалб этилди. Касаллик аниқланганларнинг асосий қисми соғломлаштирилди.
Соғломлаштириш ҳафталигини ўтказишга оилавий поликлиника ходимлари билан бир қаторда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ишлаётган жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, стоматолог ва бошқа мутахассислар ҳам таклиф этилди. Бу галги соғломлаштириш ҳафталигига Минор ва Тўркқўрғон маҳаллалари аҳолиси жалб этилиб, бугунгача қарийб икки юз эллик нафар бола, ўсмир, фертиль ёшидаги аёл ва нуроний тиббий кўрикдан ўтказилди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида аҳоли, хусусан, кексаларга тиббий-ижтимоий патронаж хизмати кўрсатиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Оила шифокорлари ва патронаж ҳамширалар тез-тез нуронийларимизнинг хонадонларига бориб, уларнинг саломатлигини назорат қилмоқда, ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
– Юрагим хасталиги боис узоқ йўл юришга мажолим етмайди, – дейди Минор маҳалласида яшовчи Маъпура ая Абдуқодирова. – Шифокорларимизнинг тез-тез ҳолимдан хабар олиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатиб келаётгани менга катта мадад бўлмоқда. Бу галги соғломлаштириш тадбирида ҳам оилавий поликлиникамиз шифокорлари билан бирга туманимиздан бир қатор мутахассислар уйимизга келиб, тиббий кўрик ўтказди. Саломатлигимизни яхшилаш бўйича зарур тавсиялар беришди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик умримизга умр қўшмоқда.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz