UZ RU
10.10.2015

Болалар саломатлиги доимий эътиборда

Жиззах вилоятида болалар саломатлиги муҳофазасини янада яхшилашга кўмаклашишга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 октябрдаги “Болаларни тарбиялашни такомиллаштиришга, соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 23 январдаги “2015-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасида болалардаги гельминтозларни даволаш ва олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

“Жиззах вилоятида болалар фаровонлигининг мониторинги” деб номланган ушбу лойиҳа доирасида Арнасой туманидаги “Ғунча”, “Наврўз”, Зомин туманидаги “Дўстлик”, “Бойчечак” ва Жиззах шаҳридаги “Наврўз”, “Шаббода” мактабгача таълим муассасаларида синов тариқасида болалардаги гельминтозларни даволаш ва олдини олиш бўйича тарғибот ва мониторинг ишлари олиб борилади.

Синов тариқасида танлаб олинган мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, тиббиёт ходимлари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раислари иштирокида семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилиб, гельминтозлардан зарарланишнинг олдини олиш бўйича атрофлича маълумот берилмоқда.

– Лойиҳадан кўзда тутилган асосий мақсад, болалар саломатлигини муҳофаза қилишда давлат ва нодавлат, маҳаллий ҳокимият органларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Тўраева. – Идоралараро ишчи комиссия томонидан ишлаб чиқилган режа асосида лойиҳа ҳудудида мониторинг тизими йўлга қўйилаётир. Бу мавжуд аҳвол тўғрисида етарли маълумотга эга бўлиш ҳамда самарали қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳани амалга ошириш давомида эришилган ижобий натижалар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этилади.

Лойиҳага қамраб олинган ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасаларига қатнайдиган 1 минг 110 нафар тарбияланувчининг оиласи, умуман, аҳоли ўртасида ахборот-тарғибот ишлари ташкил қилиниб, санитария ва гигиена талабларига ўргатувчи буклетлар тарқатилмоқда. Танланган худуддаги болалар саломатлиги, оилалардаги моддий, маиший ва тиббий шароитлар ўрганилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Манба: uza.uz