Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик
2015 йилнинг 8 октябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича дастурларни Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ва қуйи идораларнинг раҳбар ва мансабдор ходимлари, тиббиёт билим юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар ва лойиҳа раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилиш бошланиши олдидан тадбир иштирокларига БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг юртимиздаги Ваколатхонасининг янги раҳбари Миеко Ябута таништирилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Л.Тўйчиев ўз кириш сўзида таъкидлаганидек, она ва бола саломатлиги муҳофазаси мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўтган йиллар мобайнида “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бундан ташқари, айни пайтда юртимизда республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Она ва болага сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг асосий омиллари қаторига дунё бўйича йиғилган тажрибалар ва халқаро ҳамкорликни жорий қилиш ҳам киради. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қатор ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда турли лойиҳа ва дастурларни, хусусан, “Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ҳозирда амалиётга татбиқ қилинаётган “Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва Европа Иттифоқи томонидан мамлакатда оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳа раҳбари Н.Шамилова ўз тақдимотида қайд этганидек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиб, мамлакатнинг соғлиқни сақлаш хизматлари халқаро стандартларга мувофиқ бўлишини ва ушбу хизматларнинг юқори даражада бўлишини таъминламоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичи 2008-2011 йиллар давомида амалга оширилган ва Ўзбекистонда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда мамлакатнинг Андижон, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги соғлиқни сақлаш ходимларининг малакасини оширишга қаратилган.
Ҳозирги вақтда Фарғона, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасини қамраб олган лойиҳанинг иккинчи даври амалга оширилмоқда ва шу орқали оналар ва болаларга миллий миқёсларда сифатли тиббий хизматлар кўрсатилиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини оширишга йўналган ташаббусларни тарқатишга қўшимча равишда, лойиҳанинг иккинчи даври ота-оналарга болаларни уй шароитларида парваришлаш ва боқиш қаратилган ижобий тажриба тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш дастури Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида, шунингдек, ЮНИСЕФ вакили Ф.Низамов аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини баҳолашга бағишланган тақдимот қилди.
Йиғилишда, шунингдек, GIZ координатори Малика Инакова маъруза қилиб, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари ва ўқитувчилари учун “Ҳаёт циклида ўсмирлар саломатлиги” компютер таълим курси ҳақида сўзлаб берди.
Йиғилиш якунида Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олдилар.
« UzMedInfo » маркази
Ахборот хизмати