UZ RU
08.10.2015

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ипак йўлида туризм» XXI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштироки ҳақида

1.jpg

2015 йилнинг 5-7 октябр кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма комплексида «Ипак йўлида туризм» XXI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги экспозицияси иштирок этди.

ТХСЯ нинг расмий очилиш маросими 5 октябр куни соат 10:00 да катта конференция залида бўлиб ўтди. Тадбир очилишининг фахрий меҳмонлари сифатида ЮНВТО ижрожи директори, вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, хорижий давлатлар дипломатик корпуслари бошлиқлари иштирок этишди.

Очилиш маросимида “Ўзбектуризм” Миллий компанияси вакили Ф.Ризаев, ЮНВТО ижрочи директори З.Шомоги, Сайёҳлик бўйича Россия федерал агентлиги бошлиғи ўринбосари С.Корнеев ва бошқалар сўзга чиқишди.

Ярмаркада дунёнинг 30 та давлатидан ташриф буюрган 120 га яқин компания иштирок этди.

1.jpg

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистонда тиббий туризм” деб номланган кўргазма стендида урология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, кардиология каби республика ихтисослаштирилган марказлари намойиш этилди. Бундан ташқари, шу ва бошқа қатор ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, акушерлик ва гинекология, педиатрия, дерматология ва венерология) ўзларининг буклет, флайер ва брошюралар кўринишидаги босма реклама маҳсулотларини намойиш этишди.

1.jpg

1.png

– Марказимиз ушбу кўргазмада учинчи марта иштирок этмоқда , – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ташкилий-услубий бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Ҳамидулла Тошпўлатов . – Йилдан-йилга тадбирнинг иштирокчилар кўлами ва мавзулар қамрови кенгайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Энг эътиборлиси, тадбир маҳаллий аҳоли учун ҳам фойдали бўлмоқдаки, буни ташриф буюрувчи ҳамюртларимиз сонига қараб ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирда кардиожарроҳлик марказимиз сўнгги русумдаги тиббий техникалар билан тўлиқ таъминланган. Малакали мутахассисларимиз юракнинг мураккаб операцияларини ижобий натижалар билан ўтказишмоқда. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, айни дамда хорижда қилинадиган энг оғир жарроҳлик амалиётларини ҳам марказимизда бажариш имконияти мавжуд.

Ярмарка кўргазма стендларида ярмарка иштирокчиларини ташхис ва даволов-профилактика хизматлари бўйича қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун тиббиёт марказлари ва клиникаларининг вакиллари ҳам иштирок этишди.

1.jpg.png

– Тиббий туризм сайёҳликнинг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири, чунки саёҳат ва даволанишни бирга олиб боришни кўпчилик маъқул топмоқда. - дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази пульмонологи, тиббиёт фанлари номзоди Нигора Азизова . – Бизнинг марказимиз анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркасининг доимий иштирокчиларидан бири, десак хато бўлмайди. Бу йилги кўргазмага ҳам педиатрия соҳасида қўлга киритган энг сўнгги ютуқларимиз билан иштирок этмоқдамиз.

1.png

– Ушбу халқаро кўргазма Ўзбекистон тиббиёти ютуқларини намойиш этиш учун яхши бир имконият ҳисобланади, - қайд этади Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази илмий ишлар бўйича директор муовини Муяссар Каримова. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказини оладиган бўлсак, ҳозир бу ерда ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Марказимиз жарроҳлари доимий равишда тиббиёт йўналишида илғор хорижий давлатларда малака ошириб келишади. Ушбу кўргазма орқали ҳам ўзбекистоликларга, ҳам чет эл сайёҳлик фирмаларига тиббий хизматларимизни намойиш этиш ниятидамиз.

Ҳиндистон, Хитой, Корея, Қирғизистон, Латвия, Малайзия, Россия, Сингапур, Словения, Таиланд, Туркия, Чехия, Япония давлатлари вакиллари тиббий туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари бўйича фикр алмашиб, Ўзбекистон билан тиббий туризмни ривожлантириш масаласи бўйича ҳамкорлик қилишга самимий қизиқиш билдиришди.

Тадбирнинг ёпилиш маросимида иштирокчилар турли номинациялар бўйича дипломлар билан тақдирланишди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ТХСЯ-2015 ни ўтказиш ва тайёрлашдаги иштироки, шунингдек, Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун тегишли сертификатлар билан тақдирланди.

2015 йил 7 октябр куни ярмарка ўз ишини якунлади.

Елизавета Пак,
тиббий туризмни ривожлантириш
бўлими раҳбари