Минг дардга даво
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакатимизда асал етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар, якка тартибда иш юритувчилар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам асаларичилик йўналишида маҳсулот етиштириш кўлами кенгаймоқда. 2014 йилда мазкур тармоқда 18 янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада асалари оилалари сони 3 минг 520 тага кўпайди. Жорий йилда вилоятда 50 дан ортиқ асаларичилик субъекти ташкил этилиб, 882 тонна асал етиштириш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, соҳада эришилаётган ютуқларда нафақат асалари оилаларини кўпайтириш, балки наслчилик ишлари, маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш бўйича тажриба ортаётгани ҳам муҳим омил бўлмоқда. Бундай ишлар кичик бизнес субъектлари томонидан қўллаб-қувватланиб, маҳсулдор боларилар кўпайтирилмоқда.
Яккабоғ туманидаги "Умархўжа Каримович" наслчилик хўжалигида карпат зотли, совуққа чидамли ва маҳсулдор болари оилалари кўпайтирилиб, деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берилаётир.
– Асаларичилик меҳнат, чуқур билим ва тажриба талаб қилади. Энг муҳими, асалчи арининг ўзидай меҳнаткаш ва сабрли бўлиши керак, шундагина кўзлаган мақсадига эришади, – дейди хўжалик раҳбари Зилола Умарова. – Ўтган йили шартнома асосида 2,5 минг дона карпат зотли асалари ва 500 пакет болари оиласи етказиб бердик. Жорий йилда 5 минг асалари оиласини экспорт қилиш учун шартнома имзоладик. Айни пайтда хўжалигимизда 500 асалари оиласи парваришланиб, йилига 12 тонна асал етказиб бермоқдамиз.
Асал таркибида инсон организми учун зарур ва фойдали бўлган юздан ортиқ микроэлементлар мавжуд. Буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг ёзишича, навқиронликни сақлаб қолиш, қувватни мустаҳкамлаш учун асал истеъмол қилиб туриш зарур. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб хасталикларига яхши даво. Айниқса, болалар ва кексаларга жуда фойдали.
Бугун халқимиз турмуш фаровонлиги ошиши билан бирга, маҳсулотга бўлган талаби ва истеъмол маданияти ҳам юксалиб бормоқда. Истеъмолчи талабига кўра иш юритган тадбиркор ютқазмайди. Асални чиройли ва харидорбоп, бежирим идишларда қадоқлаш давр талабига айланди. Янги ташкил этилаётган асаларичилик субъектларини зарур жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай жиҳозлар вилоятнинг ўзида тайёрланмоқда.
Китоб туманидаги “Нектар кафолат” хусусий корхонаси бу борада кўпчиликка ибрат бўлаётир. Корхона табиий асални ёғоч идишларда қадоқлашни йўлга қўйган. Бундай усулда қадоқланган асалнинг сифати узоқ вақтгача бузилмайди. “Косон ёғ-экстракция” акциядорлик жамияти корхонасининг асаларичилик хўжалиги ҳам асални истеъмолчиларга бежирим идишларда қадоқланган ҳолда етказиб бермоқда.
– Асални истеъмолчиларга бежирим ва харидорбоп идишларда етказиб бериш мақсадида хориждан замонавий асал қадоқлаш ускунаси келтирдик, – дейди “Косон ёғ-экстракция” акциядорлик жамияти режа ва иқтисод бўлими бошлиғи Шокир Жабборов. – Асал совуқда, яъни куз-қиш ойларида қуюқлашиб қолади. Бу қадоқлаш жараёнини қийинлаштиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолатда асални эритиш учун иссиқлик 40 даражадан ошмаслиги керак. Асал қўлбола усулда қадоқланганда иссиқликни назорат қилиш қийин. Ҳарорат меъёридан бироз ошса ҳам асалнинг шифобахшлигини таъминловчи компонентлар таркиби ўзгаради. Қолаверса, санитария-гигиена қоидалари бузилади, кўп вақт сарфлашга тўғри келади. Асал қадоқлаш ускунасида махсус терморегулятор ўрнатилган бўлиб, ҳарорат 40 даражага етганда автоматик тарзда “тент”лар ўчади. Асалнинг сифати бузилмайди. Ускунада махсус фильтр бўлиб, у асалга қўшилиб кетиши мумкин бўлган гардларни тутиб қолади ва тиниқлигини таъминлайди. Ушбу ускуна бир сменада, яъни саккиз соатда 200 килограммгача асал қадоқлаш қувватига эга. Ҳозирги вақтда асал 1-1,5 килограммлик идишларда қадоқланмоқда. Келгусида 50, 100, 200, 500 граммлик идишларда ҳам қадоқлашни йўлга қўйишрежалаштирилган.
Мухтасар айтганда, вилоятда асаларичилик тармоғининг ривожланиши аҳолининг шифобахш маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш баробарида, уни бежирим идишларда қадоқлаб экспортга чиқариш орқали мамлакат иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА
Манба: uza.uz