Қишлоқда замонавий тиббий хизмат
...Дилноза жигарбандининг аҳволидан хавотирга тушди. Боланинг кўзини очишга мадори йўқ, қайт қилар, она кўкрагини олмас, танаси қизиб борарди. Шаҳар марказий шифохонасига бориш учун йигирма чақирим йўл босиш керак. Шу боис у қишлоқ врачлик пунктига мурожаат қилди.
Боланинг аҳволини текшириб таҳлил қилган шифокорлар унинг диарея билан оғриганини аниқлашди. Гўдакнинг тана ҳарорати меъёрига келтирилди. Сўнг зарур муолажалар қилинди. Бироз ўтгач, чақалоқ ўйнай бошлади.
Ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий хизматдан қувонган Дилнозанинг кўзлари ёшланди...
Илгари бундай касаллик билан оғриган беморлар албатта шаҳар ёки туман шифохонасига олиб бориларди.Энди бунга ҳожат йўқ. Чунки қишлоқларда ҳам барча замонавий тиббий ускуна ва малакали мутахассислар билан таъминланган шифо масканлари фаолият юритмоқда.
“Арсиф” маҳалла фуқаролар йиғини Қувасой шаҳрининг чекка ҳудудларидан. 2010 йилда барпо этилган қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Ташхис қўйиш, даволаш учун зарур шароитлар муҳайё. Айниқса, муолажа хонаси, таҳлилхона, кундузги шифохона, УЗИ текширувлари, физиотерапия, дорихона, фитобар хизматидан барча мамнун.
Қишлоқ врачлик пункти Арсиф, Қалача ва Янгиобод қишлоқларидаги 8 минг 166 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатади. Муассасада иккита умумий амалиёт шифокори, 21 тиббиёт ҳамшираси хизмат қилмоқда.
– Асосий эътибор касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилмоқда, – дейди қишлоқ врачлик пункти мудираси Замирахон Абдуқодирова. – Аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена ҳақида тарғибот тадбирлари олиб борилаётгани яхши самара бермоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда “Соғлом она – соғлом бола” кафолати, туғруқлар оралиғи, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, тўйдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, ёшларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик сингари иллатлардан асраш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари доимий йўлга қўйилган. Кейинги йилларда оналар ва болалар ўлими қайд этилмади. Ҳафтанинг пайшанба куни “Аёллар куни”, деб белгиланган. Шу куни малакали мутахассислар ҳудуддаги 2 минг 327 фертиль ёшидаги аёллар билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаради, керакли тавсиялар беради.
Қишлоқ врачлик пункти ходимлари кексаларга алоҳида эътибор кўрсатиб келмоқда. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилаётир. Олтита ҳудудга бириктирилган патронаж ҳамширалари нуронийлар ҳолидан мунтазам хабардор.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: uza.uz