UZ RU
03.10.2015

Нафақат зарарсиз, балки самарали препаратлар

Президентимиз раҳнамолигида инсон, унинг манфаатлари, жумладан, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ этилиб, тиббиётнинг барча йўналишлари, хусусан, микробиологияни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

«Бактерия» сўзини одамлар одатда касаллик ва антисанитария ҳолатлари билан боғлайди. Бироқ ҳамма бактерия ҳам инсон учун зарарли эмас. Уларнинг айримлари сутни пишлоққа айлантирса, бошқалари ошқозон-ичак тизимида яшаб, бизнинг соғлом бўлишимизга ёрдам беради.

Ичак флораси деб аталадиган бу бактериялар яна пробиотиклар номи билан кенг тарқалган. Аслини олганда фойдали ва зарарли бактериялар нисбати 85:15 фоизни ташкил қилади. Агар ушбу мувозанат бузилса, соғлиқ билан боғлиқ муаммо пайдо бўлади.

Пробиотиклар инсон иммун тизимига ёрдам бериб, шамоллаш, грипп, ичак шамоллаши, аллергия ва диарея касалликларининг олдини олади, касалликдан сўнг организмнинг қайта тикланишини тезлаштиради. Асосийси – улар овқат ҳазм қилиш тизими соғлом бўлишида муҳим ўрин тутади. Носоғлом ҳаёт тарзи, ҳаяжонланиш, нотўғри овқатланиш мувозанатнинг бузилиши ва зарарли бактериялар пайдо бўлишига олиб келадиган сабаблардандир.

Ошқозон билан боғлиқ муаммо нафақат жисмоний, физиологик номутаносибликни келтириб чиқаради. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар шундан далолат берадики, болаларда эътиборни жамлай олмаслик синдроми ва аутизм, катта ёшли кишиларда руҳий сиқилиш ва фикрнинг хиралашиши каби хасталиклар ошқозонда бактериялар номутаносиблиги билан боғлиқ бўлиб, бу ичакнинг шамоллашига сабаб бўлади.

Диарея нималигини ҳаммамиз яхши биламиз. Антибиотиклардан фойдаланиш унинг пайдо бўлишига олиб келадиган сабаблардан биридир. Чунки антибиотиклар зарарли ва фойдали бактерияларни ўлдириб, зарарланган ошқозон заифлигини янада оширади.

Олимларимиз томонидан бу борада ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, пробиотиклар диареяни осон енгар экан. Пробиотиклар антибиотикларни қўллаш орқали юзага келадиган диареянинг ривожланиш имкониятини пасайтириши аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институти қошида фаолият кўрсатаётган «Ором Биопрепарат» масъулияти чекланган жамияти бундай пробиотик препаратларни яратиш ва ишлаб чиқариш вазифасини муваффақиятли ҳал этмоқда. Жамият анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. Институт мутахассислари томонидан маҳаллий субстратлардан олинган штаммлардан таркиб топган мазкур препаратлар ўз самарадорлигини кўрсатди. Улар хорижда ишлаб чиқарилган препаратларга қараганда организмга самарали таъсир кўрсатади. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, маҳаллий штаммлар физиологик жиҳатдан юртимиз экологияси ва аҳолининг овқатланиш хусусиятларига мослашган.

Институтимиз томонидан ишлаб чиқарилган «Бифидумбактерин PL», «Лактобактерин Ором» препаратлари истеъмолчиларга яхши маълум. Улар бактериал ва вирусли ўткир ичак инфекциялари, турли дисбактериозларни даволашда, «Бификол PL» ичакнинг сурункали яллиғланиши ва бузилишида жуда самаралидир. «Қуритилган колибактерин» сурункали ичбуруғ, ярали, сурункали ва энтерояллиғланишни даволаш учун тавсия этилади. «Қуритилган бактоспорулин» замбуруғли ичак ва вагинал инфекцияларнинг олдини олиш ва уларни даволашда кенг қўлланилмоқда.

Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилгани туфайли институтимиз мутахассислари пробиотикларнинг янги хусусиятларини ўрганиш ва уларни турли касалликларни даволашда синтетик препаратлар ўрнида қўллаш бўйича фаол тадқиқотлар олиб бораётир.

Сўнгги йилларда инфекцияли хасталикларни даволаш учун пробиотиклардан фойдаланиш истиқболли йўналишга айланмоқда. Масалан, пробиотиклар ошқозон ва 12 бармоқ ичак ярасини даволаши мумкинлиги аниқланди. Бу борада ҳайвонларда ўтказилган тажриба шундан далолат берадики, пробиотиклар ошқозоннинг яра касаллиги туфайли зарарланган тўқималари тузалишига ёрдам беради. Олимларнинг фикрича, бундай хусусиятга эга пробиотиклар ошқозон-ичак тизимининг ярали касалликларини даволаш учун катта салоҳиятга эга.

Микробиология институтида уй шароитида тайёрланган пишлоқдан сут кислотаси ҳосил қиладиган бактерияларнинг янги Lactobacillus rhamnosus штамми олинди. Илмий тадқиқотлар бу штамм яра пайдо бўлишининг олдини олиш учун микробларга қарши таъсир кўрсатадиган оқсилни синтезлаш бўйича ўзига хос хусусиятга эга эканидан далолат беради.

Халқ табобати ва анъанавий тиббиётда турли хасталикларни даволаш учун қўлланиб келинаётган асаларичилик маҳсулоти – прополис ҳам яна бир қимматбаҳо биологик бирикма ҳисобланади. Ярани тузатиш ва микробларга қарши фаол таъсир кўрсатиш унинг кўплаб хусусиятларидан биридир.

Прополис ва сут кислотаси ҳосил қиладиган бактериялар микробларга қарши таъсир қиладиган ва ярани самарали тузатиш хусусиятига эга янги «Лактопрополис» препаратини яратиш имконини берди. Ушбу препарат айни пайтда ярали касалликларни тузатишнинг ягона усули бўлган антибиотиклар билан даволашга нисбатан кўпгина афзалликларга эга. Янги препарат антибиотиклардан фарқли равишда заҳарли эмас ва организм уни яхши ўзлаштиради. Бундан ташқари, касаллик қўзғатувчи омиллар лактопрополисга кўникиб қолиши мумкинлигидан қўрқмасдан уни қўллаш мумкин.

Ошқозон ярасининг олдини олиш ва даволашда препарат самарадорлигини, унинг организм иммун тизимига таъсирини ўрганиш мазкур препарат ошқозон яраси пайдо бўлишининг олдини олиши, мавжуд яраларни даволаш, организм иммунитетини ошириш ва айни пайтда тавсия этилаётган антибиотиклар ўрнида ишлатиш мумкинлигидан далолат беради.

Микробиология институти олим ва мутахассислари пробиотикларнинг янги хусусиятларини аниқлаш бўйича илмий тадқиқотларни фаол давом эттирмоқда. Масалан, организм учун нафақат зарарсиз, балки самарали бўлган бир қанча пробиотик препаратлар яратилди. Уларнинг айримларини четдан келтирилаётган дори-дармонлар ўрнида бемалол ишлатиш мумкин. Бу асосда халқаро стандартлар талабларига мос ишлаб чиқариш базасининг яратилиши нафақат мамлакатимиз аҳолисини бундай препаратлар билан таъминлаш, балки уларни ташқи бозорга экспорт қилиш имконини ҳам беради.

Ш.Миролимова,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Микробиология институтининг
катта илмий ходими, биология фанлари номзоди.

Манба: uza.uz