Давлат дастури доирасида 400 та кўргазмали мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 70563 нафар уруш ногирони, қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўриклар натижасида 35367 нафар бемор амбулатор шароитда, 6340 нафари стационарда, 22512 нафари уйдаги стационарда соғломлаштирилди, 6344 нафар уруш фахрийларига санаторияларга тавсия берилди.
Республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув муассасалари клиникаларининг тажрибали мутахассислари иштирокида 97 та маҳорат дарслари ўтказилиб, 5910 нафар кексаларга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига диагностика ва даволашнинг 70 та янги усулларини жорий этган ҳолда 400 та кўргазмали мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди, 14217 нафар кексаларга вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
Қариялар учун юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказларида, клиникаларида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида 160 нафар беморда йирик бўғимларда реконструктив-тиклаш операциялари, 850 нафар беморда умуртқа поғонаси касаллигида консерватив терапевтик даволаш, 660 нафар беморда юрак-тож артерияларини стентлаш, 83 нафар беморда аорто-коронар шунтлаш, 845 нафар катаракта билан оғриган ва 435 нафар глаукома билан касалланган беморда кўзни сақлаб қолувчи операциялар, 605 нафар беморда пешоб тош касаллиги, простата бези аденомаси ва саратони касаллигида кам инвазивли урологик операциялар, 155 нафар беморда қандли диабетнинг асорати сифатида юзага келган қон томирлар касалликларида юқори технологияли операциялар, 245 нафар беморда ЛОР тизими касалликларини эрта аниқлаш мақсадида эндоскопик ва отомикроскопик текширув усуллари, 135 нафар синусит касаллигига чалинган беморда кам инвазивли эндоскопик операциялар амалга оширилди.
«UzMedInfo» маркази