UZ RU
02.10.2015

“Ипак йўлида туризм”: Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт туризми хизматларини тақдим этади

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида йиллар давомида анъанавий тарзда иштирок этиб келмоқда.

Бу йилги “Ипак йўлида туризм” XXI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўргазма стендида юртимиз тиббиёт туризми соҳасига оид хизматлар ва қулайликлар намойиш этилади. Ярмарка жорий йилнинг 5-7 октябр кунлари пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтади.

Миллий кўргазма комплексининг иккинчи павильонида жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўргазма стендида республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, кўз микрохирургияси, кардиология, урология, ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази, эндокринология, акушерлик ва гинекология, педиатрия марказлари ўзларининг буклет, флайер ва брошюралар кўринишидаги босма реклама маҳсулотларини намойиш этишади. Ярмарка кўргазма стендларида ярмарка иштирокчиларини ташхис ва даволов-профилактика хизматлари бўйича қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун тиббиёт марказлари ва клиникаларининг вакиллари ҳам иштирок этишади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тиббий туризмни ривожлантириш бўлими