UZ RU
30.09.2015

Халқаро тиббиёт кўргазмаси иш бошлади

1.jpg
“Ўзэкспомарказ”да саккизинчи халқаро ихтисослашган “UzMedExpo – 2015” тиббиёт кўргазмаси очилди. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни ва бошқа ташкилотлар кўмагида “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали тиббий кадрлар тайёрлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

8c.JPG

Мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолининг барча қатламлари малакали тиббий хизмат билан қамраб олинди. Скрининг марказлари, туғруқ мажмуалари, вилоятлар кўптармоқли шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари халқимизнинг соғлом ҳаёт кечиришини таъминламоқда. Ўтган йили 133 тиббиёт муассасаси янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Гулистон шаҳридаги вилоят онкология диспансери, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази, Андижон кўптармоқли вилоят тиббиёт маркази, Нукус шаҳридаги силга қарши кураш диспансери шулар жумласидандир. Корея Республикаси билан ҳамкорликда энг юқори технологиялар асосидаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланадиган кўптармоқли замонавий болалар тиббиёт маркази барпо этилмоқда.


“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида кекса авлод вакиллари, хусусан, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш, зарур дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

1c.JPG
Мамлакатимиз фармацевтика компаниялари илгари аксарияти четдан олиб келинган препаратлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда давом этмоқда. Ўзбекистонда 1997 йили атиги 2 фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, 30 номга яқин дори воситалари ишлаб чиқарилар эди. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида бугун юртимизда соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони 149 тага етиб, улар томонидан 1482 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Мамлакатимизда дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими яратилган бўлиб, уларнинг таркибида 8 тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, 15 назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Анъанавий “UzMedExpo” халқаро тиббиёт кўргазмаси соҳа мутахассисларини тиббий-илмий янгиликлар ва ишланмалар, инновацион лойиҳалар билан таништириш, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига устувор аҳамият қаратилаётгани ўз самараларини бермоқда, – дейди Франциянинг “TLV Healthcare” компанияси савдо менежери Стефан Угуэн. – Мамлакатингиз бозори бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда чет эллик тадбиркорларнинг муваффақиятли фаолияти учун қулай шарт-шароит яратилган. Компаниямиз тиббиётнинг барча йўналишларида фойдаланиладиган замонавий ёритиш мосламалари ҳамда техника ва технологияларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу кўргазма ўзбекистонлик тадбиркорлар билан фойдали мулоқотлар ўтказиб, бизнес шартномалари тузиш учун қулай имкониятдир.

Таъкидлаш жоизки, кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки йил сайин ортмоқда. “Intermed Innovation”, “Euro Hearing”, “Btl Medical Technologies”, “Ultrasound Scanner Technology Sеrvice”, “Premium Technics”, “Soyuz Orion Vostok”, “Zilola Medical”, “Madad”, “Ucd Micros”, “Shifo-Nur Servis”, “Le Asante Cosmetics” каби компаниялар шулар сирасидандир.

– Кўргазмада компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилаётган турли эшитиш мосламалари ҳамда эшитиш диагностикаси технологияларини намойиш этяпмиз, – дейди пойтахтимизда фаолият юритаётган “Euro-Hearing” Ўзбекистон – Дания қўшма корхонаси бош директори Дониёр Қодиров. – Маҳсулотларимизнинг сифати халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Асосий мақсадимиз мамлакатимизда яратилган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва маҳсулот турини кўпайтиришдир. Ушбу кўргазма маҳсулотларимизни истеъмолчиларга янада кенгроқ таништириш, шифокорлар ва ишбилармонлар билан ҳамкорлик ўрнатишга хизмат қилади.

“UzMedExpo – 2015” тиббиёт кўргазмасида Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Швеция, Франция, Россия, Туркия, Украина сингари давлатлардан ўнлаб корхона ва фирмалар иштирок этмоқда. Кўргазма стендларида дори-дармон, тиббий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари, табиий фармацевтика ва косметика маҳсулотлари, рентгенология, стоматология, физиотерапия, жарроҳлик, кардиология, тиббий реабилитация ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган янги препаратлар, минерал қўшимчалар ва витаминлар, замонавий техника ва технологиялар, санитария ва гигиена воситалари, тиббиёт соҳаси учун махсус мебеллар намойиш этилмоқда.

– Биз ушбу кўргазмада илк бор иштирок этяпмиз, – дейди Хитойнинг “Sheng Chun Tang Pharmaceutical” компанияси савдо менежери Симон Ванг. – Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан етакчи тиббиёт компания ва фирмаларидан вакиллар иштирок этаётган ушбу анжуманда маҳсулот ва хизматларни намойиш этиш, музокаралар ўтказиш ва шартномалар имзолаш учун барча шароит яратилган. Бу ерда флубипрофен, кетопрофен ва диклофенак натрий каби пластирларни таклиф этяпмиз. Улар бўғим ва мускул оғриқларини қолдириб, танадаги органларга ҳеч қандай зиён етказмайди. Кўргазма доирасида мамлакатингизнинг қатор тиббиёт муассасалари ва фармацевтика компаниялари фаолияти билан танишдик. Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш борасида ғоят салмоқли ишлар амалга оширилаётганига амин бўлдик.

– Фаолиятини 1993 йилда бошлаган компаниямиз Ўзбекистонда бизнеснинг турли йўналишларида иш юритади, – дейди “Madad” Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси савдо менежери Вадим Кушбеков. – 2012 йилда тиббиёт техникаси маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва импорт қилишни йўлга қўйдик. Улар орасида пульмонология, кардиология, инфузион терапия, реанимация, педиатрия, неонатология ва диагностикада қўлланиладиган турли техника ва технологиялар, мебеллар ва жиҳозлар бор. Корхонамиз Ўзбекистонда рентген нурланишдан ҳимоя қиладиган турли воситаларни ишлаб чиқарадиган ягона компаниядир. “UzMedExpo” кўргазмасида ҳар йили иштирок этамиз.

Халқаро кўргазма мамлакатимиз ва жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни намойиш этиши билан аҳамиятлидир. Бу тиббиётнинг барча йўналишларини янада ривожлантириш, соҳадаги талаб ва таклифларни ўрганиш, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Нодира Манзурова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА

Манба: uza.uz