UZ RU
30.09.2015

Урологик хасталиклар: даво излаб хорижга боришга ҳожат йўқ

Шу йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон урологияси: ушбу йўналишда белгиланган устувор вазифалар ва бу борада эришилаётган натижалар” мавзуидаги навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда эл соғлиғи муҳофазасига эътибор масаласи устувор аҳамият касб этади. Бугунги кунда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида энг замонавий даволаш-ташхис ускуналари билан жиҳозланган шифо масканлари барпо этилиб, тиббий хизмат сифати тобора такомиллаштириб борилмоқда. Айниқса, жойларда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу муассасалар жаҳон андозаларига мос шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланганлиги боис кўплаб оғир хасталикларнинг олдини олиш, шунингдек, касалликни барвақт аниқлаш ва уни ўз вақтида самарали даволашга эришилаётир.

Масалан, яқин-яқингача “Урология йўналишида энг мураккаб касалликларни ҳам самарали даволай олиш имкониятига эга давлатлар қайси?” деган савол ўртага ташланса, бу борада Германия, Италия ва АҚШ етакчи сифатида тилга олинарди. Бизга алоҳида фахр бағишлайдиган жиҳати, бугун улар қаторида Ўзбекистон номи ҳам ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Сабаби, илғор мамлакатлар тиббиётида жорий қилинган даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам мавжуд.

Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори туфайли мана шундай даражага кўтарилдик. Хусусан, юртимизда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятининг йўлга қўйилгани тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини оширишга мустаҳкам замин яратди. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий маркази ҳам 2003 йилда ана шундай эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилган йирик даволаш масканларидан биридир.

Марказда йилига 30 минг нафарга яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилади. Шунингдек, йил давомида бу ерда 8,5 мингдан зиёд мураккаб ва тиғсиз жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади. Хусусан, бугун эндоскопик жарроҳлик усули буйракда тош йиғилиши билан боғлиқ муаммоларни осонгина ҳал этиш имконини бераётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Умуман, марказ барча қулайликларга эга бўлган бинода фаолият кўрсатаётганлиги туфайли аҳолига юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатишга муваффақ бўлинаётир. Бу ерда ҳар куни 150 қабулга мўлжалланган, таркибида 10 йўналишда хизмат кўрсатувчи махсус тиббий хоналардан иборат маслаҳат-диагностика поликлиникаси, 100 ўринга мўлжалланган стационар бўлими, шунингдек, дорихона, лаборатория, рентген, радиология, эндоскопия хоналари мавжуд.

Қолаверса, ушбу марказ Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Врачлар малакасини ошириш институтларининг урология кафедралари учун клиник база вазифасини ўтагани боис, бу ерда тажрибали мутахассислар ва талаба ёшлар ўртасида устоз-шогирдлик анъаналарини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар учун махсус семинар-тренинг соатлари доимий ташкил этилади ҳамда уларнинг жарроҳлик амалиётида, ташхис ва муолажа жараёнларида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Марказ юксак малакали мутахассислар тайёрловчи муассаса ҳисобланиш билан бирга мамлакатимиз миқёсида ушбу хизматнинг истиқболли ривожланиш стратегиясини ҳам белгилаб беради.

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштиришга оид фармонига мувофиқ, марказда махсус ордерга эга бўлган беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади. Шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, тезкор ҳамда режалаштирилган жарроҳлик амалиётларини қўллаш борасида ҳам қатор имтиёзлар мавжуд. Бундан ташқари, марказ мутахассисларининг қабулига кирган ҳар бир кишига соғлом турмуш тарзига амал қилиш, саломатликни ўз вақтида қадрлаш, вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб туриш эртанги соғлом ва фаровон келажагимизни таъминловчи муҳим омиллардан бири эканлиги халқона тилда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб борилмоқда.

Урология маркази фаолиятининг асосий йўналишлари буйрак-тош касалликлари, сийдик йўли инфекцияси, простата безининг хавфсиз гиперплазияси, эркаклар жинсий фаолиятининг бузилиши, уроонкологик хасталиклар, урологик аъзолар туғма нуқсонларининг замонавий ташхиси, даволаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, ушбу жараёнда “Siemens”, “Dantek”, “K. Storz”, “Wolf”, “Hospitex” каби дунёга машҳур компанияларнинг энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналари ва жиҳозларидан кенг фойдаланилмоқда.

Айтиб ўтиш жоиз, урология марказида мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалар орасида биринчи бўлиб компьютер тармоғи орқали иш юритиш тизими жорий этилган. Яъни марказдаги 80 дан ортиқ компьютер ягона тармоққа бирлаштирилган бўлиб, даволанаётган беморларнинг “касаллик тарихи” электрон шаклда юритилади ва электрон архивда сақланади. Бу ҳам соҳа фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Имкониятлар йилдан-йилга яхшиланаётгани боис хизмат кўрсатиш қамрови ҳам кенгайиб, сифат кўрсаткичлари ортиб бораяпти. Масалан, 2003 йилда марказда қарийб 5000 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилган эди. Ўтган йили бу рақам 28 минг нафардан ортиб кетди. 8 мингдан зиёд операция амалга оширилган бўлса, уларнинг аксарияти бугунги кундаги энг замонавий, юқори технологик усуллар асосида бажарилди.

Урология йўналишидаги ютуқларни бир қанча мисоллар асосида изоҳлаш мумкин. Айтайлик, бундан 15-20 йил олдин беморнинг буйрагида тош бор, деган ташхис қўйилса, унинг ҳажмидан қатъи назар, даволаш чораси битта эди — фақат тиғ теккизиш йўли билан операция қилиш. Бугунги кунда ривожланган давлатларда бундай хасталикка чалинганларнинг 80 фоизидан ортиғи беозор, яъни эндоскопик усул билан даволанади. Ўтган йилги натижаларни таҳлил қилсак, марказда буйрак-тош касаллигига йўлиққан беморларнинг 88 фоизида кам жароҳат етказиш усули муваффақиятли қўлланилди. Бу, албатта, жаҳондаги энг илғор мамлакатларда эришилган кўрсаткичларга тенг.

Фақат буйрак-тош касаллиги эмас, илгарилари простата бези аденомаси хасталиги ҳам юз фоиз тиғ орқали операция қилинарди. Бугун 70-80 фоиз ҳолатда беморлар дори-дармон ёрдамида даволанаяпти. Айни пайтда халқаро миқёсда шу чора амалда кенг татбиқ этилаётир. Қолган ҳолатларда ҳам операция касалга кам жароҳат етказувчи эндоскопик усулда бажарилади.

Масалан, эркакларда пешоб йўлининг торайиши ёки беркилиб қолиши касаллиги. Бу ҳозир бутун дунёда муаммо. Ушбу турдаги хасталикни пластик операция усули билан даволаш амалиёти мавжуд. Бунда лаб ёки оғиз бўшлиғидаги лунжнинг шиллиқ пардаси олиниб, шу асосда пешоб канали тикланади. Мамлакатимиз мутахассислари ривожланган Европа давлатларида бўлиб, мазкур технологияни ўзлаштириб келишди. Мана, бир неча йиллардан буён бундай мураккаб амалиётлар юртимиз даволаш муассасаларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам урология бўлимлари ташкил этилган бўлиб, бу юртимизда ушбу йўналишда мукаммал тизим яратилганлигидан далолат беради.

Шулардан келиб чиқиб, тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, урологик касалликка чалинганлар учун энди Ўзбекистондан четга чиқиб, даво излашга умуман ҳожат йўқ. Бу борада ўзимизда барча имкониятлар етарли.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами янада йил сайин кенгайиб бораверади. Зотан, бу инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг манфаати, турмушининг ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш мамлакатимизда доимий эътибор марказидаги масала бўлиб қолади, деганидир.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Фурқат Санаев