UZ RU
28.09.2015

Турли инфекцияларни аниқлашнинг тест-тизимлари

Вирусли ва бактериал инфекцияларнинг олдини олиш бугунги кунда дунё миқёсида долзарб муаммолардан биридир. ОИВ инфекцияси, В, С гепатити ва бошқа вирусли инфекциялар инсон саломатлигига жиддий хавф солаётган хасталиклар сирасига киради. Масалан, айни пайтда дунё бўйича 150 миллионга яқин киши сурункали С гепатитини юқтирган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили ушбу касалликка чалиниш билан боғлиқ 4 миллион ҳолат қайд этилмоқда.

Инсон саломатлиги учун хавфли бўлган мазкур инфекциялар асосан қон орқали юқади. Тиббий асбоб-ускуналарнинг яхши стерилизация қилинмаслиги ва текширилмаган дори-дармонлардан фойдаланиш касалликни юқтиришнинг кенг тарқалган йўлидир. Жумладан, сурункали С гепатити инфекцияси билан касалланган беморларнинг аксариятида жигар циррози ёки саратони ривожланади.

Мамлакатимизда ушбу долзарб муаммони ҳал этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Амалиёт шуни кўрсатадики, касалликка ўз вақтида ташхис қўйиш ва зарарланиш манбаларини аниқлаш инфекцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидир.

Иммунофермент таҳлили бундай инфекцияларга ташхис қўйишнинг кенг тарқалган усулидир. Инсон қонидаги антиген ёки антижисмлар сифатини лаборатория шароитида аниқлаш ва миқдорини ўлчашнинг иммунологик усули бўлган ушбу таҳлил ташхис тўплами ёки тест-тизимлар ёрдамида амалга оширилади.

ОИВ инфекцияси, В, С гепатити ва инфекция қўзғатувчи бошқа вирусларни аниқлаш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси иммунофермент тест-тизимлар ёрдамида текширувдан ўтказилмоқда. Чунончи, ҳомиладор аёллар, болалар, тиббиёт ходимлари, лаборатория хизмати мутахассислари ва касалликни юқтириш хавфи юқори бўлган гуруҳ вакиллари (қон топширадиган донорлар, гемодиализ беморлар ва бошқалар) мажбурий ташхисдан ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарийб барча ташхис қўйиш лабораториялари иммунофермент таҳлил ўтказиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Айни пайтда мамлакатимизда асосан хориждан келтирилган тест-тизимлардан фойдаланилмоқда. Шу боис юқори сифатли ва нархи арзон таҳлил воситаларини юртимизда ишлаб чиқариш ва ташхис қўйиш марказлари ҳамда қон қуйиш хизматларини ушбу воситалар билан таъминлаш аҳоли хавфли инфекциялар билан касалланишининг олдини олиш ва камайтиришнинг асосий омилларидан биридир.

Президентимизнинг 2009 йил 28 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида турли инфекцияларга қарши ИФТ тест-тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастурда ОИВ, ТОРЧ инфекциялари, В ва С гепатитларини аниқлашда қўлланиладиган тест-тизимлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Мазкур қарорга кўра, Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтида юқорида зикр этилган инфекциялар учун иммунофермент таҳлил тест-тизими ишлаб чиқилди.

Ушбу қарорга биноан ташхис қўйишнинг бундай тест-тизимларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш мақсадида институтнинг ишлаб чиқариш биноси реконструкция қилиниб, замонавий технологик жиҳозлар билан таъминланди ва тест-тизимларини оммавий ишлаб чиқаришга тайёрланди. Айни пайтда тўрт турдаги ташхис қўйиш тест-тизимлари ишлаб чиқариш учун тайёр. Йилига ҳар бир тест-тизимнинг қарийб 30 минг тўпламини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу мамлакатимизнинг ушбу тест-тизимларга бўлган талабини қондириш ва хориждан келтириладиган ташхис қўйиш воситаларини харид қилишни камайтириш имконини беради.

Ишлаб чиқилган тест-тизимлар қатор тиббиёт клиникалари, хусусан, Республика ОИТСга қарши кураш маркази, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институти, Республика дерматология ва венерология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида синовдан ўтказилди.

Клиник тадқиқотларнинг ижобий натижалари асосида ушбу тест- тизимлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармасида рўйхатга олинди. Синовлар ўтказилгач, ушбу тест-тизимларни оммавий ишлаб чиқиш учун зарур рухсат бериш ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Юқорида қайд этилган тест-тизимлар тўплами касалликларга 96 турда ташхис қўйиш, жумладан, назорат намуналарини таҳлил қилишга мўлжалланган бўлиб, таҳлил ўтказиш учун керакли барча реагентларни ўз ичига олган.

Институтимиз олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест-тизимлар сифати жаҳон андозаларига тўла жавоб беради. Бу тўпламлар нархи импорт тизимлардан ўртача икки баробар арзон. Иммунофермент таҳлил тест-тизимларининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти базасида оммавий ишлаб чиқарилиши мамлакатимизда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлайди.

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳар йили ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси янги инновация ишланмаларини амалиётга татбиқ этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Институтимиз олимларининг жорий йилда ўтказилган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида тақдим этилган ташхис қўйиш воситалари илмий жамоатчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт муассасалари тизими мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.

Бугунги кунда олимларимиз ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларни ва янги, самарали ташхис қўйиш тўпламларини яратишни давом эттирмоқда. Мазкур тўпламларнинг ҳаётга татбиқ этилиши таҳлил ўтказиш қийматини пасайтириб, уларни мамлакатимизда қўллаш кўламини кенгайтириш имконини беради. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасалари билан биргаликда маркетинг ишлари амалга оширилмоқда.

Юқумли касалликларга ташхис қўйиш бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқилган юқори самарали инновация воситалари ушбу касалликларни дастлабки босқичда аниқлашга доир кенг кўламли профилактика ишларини ўтказиш ва бунинг самарасида мазкур хасталикларнинг сурункали босқичга ўтишининг олдини олишга ёрдам беради.

Шаҳноз Азимова,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ўсимлик моддалари кимёси институти
молекуляр генетика лабораторияси мудири,
кимё фанлари доктори, профессор,
Элвира Юсупова,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ўсимлик моддалари кимёси институтининг
катта илмий ходими, кимё фанлари номзоди.

Манба: uza.uz