Меҳр ва эътибордан баҳраманд диллар
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 226 кишига ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа зарур жиҳозлар тарқатилди. Мингдан зиёд меҳнат фахрийси сиҳатгоҳларда бепул саломатлигини мустаҳкамлади.
Фарғона вилояти ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказида ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига тиббий-ижтимоий, консультатив, диагностик ёрдам ва касб бўйича реабилитация хизматлари кўрсатилади. Бунинг учун муассасада барча шароит яратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 800 дан зиёд беморга тиббий хизмат кўрсатилиб, саломатлиги тикланди.
Яқинда бутунлай қайта таъмирланган марказда ногиронларга психологик ва ҳуқуқий маслаҳат бериш ҳам йўлга қўйилиб, доимий равишда тренинг машғулотлари ўтказилаётир. Физиотерапия, фитотерапия, тренажёр заллари беморлар ихтиёрида.
– Шифокорларнинг кўмаги билан соғлиғимни тикламоқдаман, – дейди Бувайда туманидан II гуруҳ ногирони Ханифа Ғаниева. – Замонавий тиббий жиҳозлар, яхши шароитлар ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда муҳим омил бўлмоқда. Бундай юксак эътибор учун давлатимиз, ана шундай эзгу амаллар ташаббускори бўлган Юртбошимиздан миннатдормиз.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: uza.uz