UZ RU
25.09.2015

Аҳоли саломатлиги мустаҳкамланмоқда

Навоийда иш билан банд аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси, Навоий кон-металлургия комбинати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда иш билан банд аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш, қизиқиш ва касб малакасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосан ходим ва иш берувчи ўртасида зарур мажбуриятлар ўрнатилгани иш жойларида муносиб меҳнат шароитлари яратишда муҳим омил бўлмоқда.

– Корхона ва ташкилотларда ишлаётган ходимларнинг меҳнат қонунчилигига мувофиқ ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, касб касалликларининг олдини олиш алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова. – Бунда тиббиёт мутахассислари, жумладан, профпатологлар хизматини самарали йўлга қўйиш муҳим омил ҳисобланади.

Навоий кон-металлургия комбинатида 60 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Комбинат тизимидаги ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига 581 малакали шифокор ҳамда 1 минг 566 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда. Ишчи-ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш, саломатлигини доимий назорат қилиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли иш самарадорлиги ортмоқда. Бунда комбинатга қарашли тиббий-санитария бўлими ва унинг туман, шаҳарлардаги қисмларида малакали тиббий хизмат йўлга қўйилгани муҳим омил бўлаётир. Комбинатнинг Навоий шаҳридаги тиббий-санитария бўлимида кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада беморларга қисқа муддатда тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ошди. Бу ерда спорт-соғломлаштириш маркази ташкил этилиб, замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди.

Манба: uza.uz