UZ RU
22.09.2015

Соғлом турмуш – соғлом келажак

Пойтахтимизда “Биз – соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” акцияси доирасида семинар-тренинг ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан Тошкент шаҳар халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур акция пойтахтимиздаги маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ўтказилмоқда.

Тадбирда ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш, ёшлар орасида тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ҳолларига қарши курашиш, ОИВ/ОИТС, йод танқислиги, камқонлик ва сил касаллигининг олдини олиш, миллат генофондини сақлаш ва яхшилаш учун зарур шароитлар яратишга қаратилган давлат дастурларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлод соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш хусусида фикр алмашилди.


Мазкур акция баркамол авлоднинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни турли зарарли ғоя ва иллатлардан асрашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Акция доирасида фаол ва ташаббускор ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, жамиятимизда рўй бераётган демократик ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида сўз юритди.

Тадбирда ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб берди.

Нурилло Насриев, ЎзА

Манба: uza.uz