Тендер савдолари махсус комиссия томонидан назорат қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 сентябрдаги 264-қарори билан тендер савдолари ўтказилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
_________________
Қисқача асосийси ҳақида! Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг тегишли тармоқларида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар доирасида товар, иш ва хизматларни харид қилиш бўйича тармоқ идоралараро тендер комиссиялари тузилади.
_________________
Комиссиянинг раҳбар ва аъзоларига тендер (танлов) савдоларини, шунингдек, халқаро тендер савдоларини ҳам самарали ташкил қилиш ва олиб бориш бўйича масъулият юкланади.
Ҳужжатда белгиланганки, контракт бўйича қиймати 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ (эквивалентида ҳам) бўлган савдо ва ғолибларни аниқлаш комиссиялар томонидан коллегиал асосда олиб борилади, контракт бўйича қиймати 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлганлари эса буюртма берувчилар томонидан ташкил қилинган тендер (танлов) комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Илгари бошланган ва бир нечта босқичлардан иборат бўлган, лекин тугалланмаган тендер (танлов) савдолари ушбу қарор кучга киргунгача фаолият кўрсатган тендер (танлов) комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Қарорда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг тегишли тармоқларида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар доирасида товар, иш ва хизмат харид қилиш бўйича идоралараро тендер комиссияси ҳақидаги Низом тасдиқланган.
Низом идоралараро тендер комиссияси ва унинг ишчи органининг вазифалари, функциялари ва жавобгарлигини белгилайди.
Низом Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган товар, иш ва хизматларни харид қилишни тартибга солмайди.
Низомда белгиланганки, идоралараро тендер комиссияси доимий коллегиал орган ҳисобланади ва унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- инвестицион лойиҳалар доирасидаги товарлар, иш ва хизматларни харид қилишда маблағларни самарали ва рационал ишлатишни таъминлаш;
- харид қилинаётган товар, иш ва хизматлар сифатини ошириш;
- тендер (танлов) савдосини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш.
Комиссия вазифаларига қуйидагилар киради:
- ишчи орган таркибини, ҳужжатларни ишлаб чиқиш тармоқ жадвалини, таклифларни баҳолаш мезонларини ва уларни кўриб чиқиш муддатларини тасдиқлайди,
- савдода қатнашиш учун қўйиладиган талабгорларни дастлабки малака бўйича саралашни амалга оширади;
- тендер (танлов) ҳужжатларини олиш учун тўлов миқдорини белгилайди;
- ва бошқалар.
Буюртма берувчи ҳисобланган вазирликлар ва идоралар тендер (танлов) савдоларини ўтказишни ташкил этиш бўйича ишчи орган тузади.
Ишчи орган таркиби идоралараро тендер комиссиясининг қарори билан тасдиқланади ва вазирлик ёки идора – лойиҳа ташаббускорининг, буюртмачи хизматининг, лойиҳалаш ташкилотининг, тижорат банкларининг, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идораларнинг юқори малакали мутахассисларидан шакллантирилади. Бунда буюртмачининг тегишли вазирлиги ёки идорасининг раҳбари ишчи орган раҳбари ҳисобланади.
Манба: norma.uz