UZ RU
21.09.2015

ОИВ инфекциясига қарши дозорли эпидемиологик назорат ўтказилмоқда

ОИВ инфекцияси юқиш хавфи даражаси юқори бўлган аҳоли гуруҳлари ўртасида 2015 йил учун республика бўйича дозорли эпидемиологик назорат ўтказилмоқда.

Эпидемия ривожланиши тенденциясини аниқлаш учун 2003 йилдан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига кўра республикада ОИВ инфекцияси назоратининг иккинчи авлоди – дозорли эпидемиологик назорат (ДЭН) усули жорий этилган. Иккинчи авлод дозорли эпидемиологик назорати ОИВ тарқалиши устидан серологик назоратга ва юқиш хавфи даражаси юқори бўлган аҳоли гуруҳлари – инъекция орқали гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар, мукофот эвазига интим хизмат кўрсатувчилар, Тошкент шаҳридаги эркаклар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар орасида хулқ-атворга оид тадқиқотлар ўтказилишини тақозо этади.

Республикада ОИВ инфекциясининг тарқалганлик даражасини ва ўтказилаётган профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш стратегик дастури” ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 4 февралдаги “Республиканинг барча маъмурий ҳудудларида дозорли эпидемиологик назоратни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 012-5/244-сонли кўрсатмаси чиқарилди.

Мазкур кўрсатма хати билан тадқиқотда қатнашувчилар учун ўқув семинар тренингларини ўтказиш графиги ва 2015 йилда ДЭН ўтказиш календар режаси тасдиқланди.

Календар режа асосида 2015 йилнинг 5 августидан Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ДЭНнинг дала босқичлари бошлаб юборилди. Республика бўйича тадқиқотнинг ўтказилиши Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг эпидемиологик мониторинг бўлими мутахассислари томонидан доимий равишда мувофиқлаштириб борилмоқда.

Тадқиқот натижалари ОИВнинг текширилган гуруҳлар ўртасида тарқалганлигини ва профилактик дастурлар самарадорлигини аниқлаш, эпидемия босқичини белгилаш ва уни енгиб ўтиш бўйича хатти-ҳаракатларни режалаштириш, шу билан бирга, мамлакатдаги вазиятни тахминий башорат қилиш имконини беради.

“UzMedInfo” маркази

Ахборот хизмати