UZ RU
21.09.2015

Ахборот хизматлари изчил ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор

шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва

бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 30-модда.


Пойтахтимизда 18 сентябрь куни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мутахассислар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланаётгани, аҳоли мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кенг хабардор қилиб борилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 30-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгиланган. Ушбу конституциявий меъёрлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларда ўз ифодасини топган.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2014 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур қонун асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олиши тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида аҳолини кенг ва тезкор хабардор қилиш механизми яратилди.

Тадбир иштирокчилари «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлаш, уларнинг ахборотга оид конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Қонунда давлат ҳокимияти органларининг фаолияти ҳақида фуқароларни хабардор қилиш, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатларга оид ахборотдан аҳоли, жамоат бирлашмаларининг кенг фойдаланишини таъминлаш тартиб-тамойиллари аниқ белгилаб берилгани юқори баҳоланди.

Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг асосий тамойиллари белгиланган бўлиб, булар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ошкора ва очиқлиги, тақдим этилаётган маълумотни излаш, топиш, тарқатиш ва фойдаланиш эркинлиги, ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилигини ўз ичига олади. Бундан ташқари, давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлашнинг амалий механизмлари ва усуллари аниқ қайд этилган.

Давлат органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришда уларнинг ахборот хизматлари алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари ташкил этилган, уларнинг фаолияти изчил такомиллаштириб борилмоқда.

Ахборот хизматлари ташкилот фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, веб-сайтларни мунтазам янгилаб бориш, жамоатчилик билан алоқани таъминлаш каби қатор муҳим вазифаларни бажараётир.

Ахборот хизматлари қонунчиликнинг электрон маълумот тизимлари ёрдамида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ва тегишли материалларни чоп этиш ва тарқатиш орқали ахборотдан фойдаланишни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги бир ярим йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 184 меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва бошқа маълумотлар жойлаштирилди. Бу қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилмоқда.

Семинарда бу каби ишларнинг амалга оширилиши давлат органларининг фаолияти ҳақида аҳолининг хабардорлиги даражасини ошириш билан бир қаторда мамлакатда амалга оширилаётган демократик жараёнларни янада фаоллаштириш, бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштириш, сиёсий тизимни изчил демократлаштириш, суд ҳокимияти, сўз ва ахборот эркинлиги мустақиллигини мустаҳкамлаш, сайлаш эркинлиги ва сайлов тизимини ривожлантириш, фуқаролик институтларини шакллантириш, энг асосийси, аҳолининг сиёсий маданияти, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш каби энг муҳим вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Ушбу анжуман Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар, соҳада рўй бераётган янгиликлар билан танишиш, бу борада тажриба алмашиш учун қулай имконият яратди, – деди фуқаролик жамияти билан муносабатларни ривожлантириш бўйича эксперт, Греция парламенти вакили Дмитрий Макарайдис. – Грецияда ҳам яқинда шундай қонун қабул қилинди ва у мамлакатимиз фуқароларига давлат ташкилотлари фаолияти ҳақида зарур маълумотларни олиш имконини бераётир. Ўзбекистонда давлат органлари ахборот хизматлари фаолияти самарали ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Бу каби саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни янада демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини оширишга муносиб ҳисса қўшади.

Тадбирда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун вазифалари, шунингдек, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатларини амалда самарали қўллаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ирода Умарова, ЎзА

Манба: uza.uz