UZ RU
19.09.2015

Ёшлар соғлом турмуш тарафдори

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати тобора юксалмоқда. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 204-умумтаълим мактабда ўтказилган “Биз – соғлом турмуш тарафдоримиз!” мавзусидаги семинарда бу алоҳида таъкидланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ОИТС, гиёҳвандлик, кашандалик ва ичкиликбозлик каби иллатлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар, давра суҳбатлари, акция ва форумлар ўтказилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Кенгаш томонидан амалга оширилаётган “Биз – соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳаси ҳам ОИТСга қарши курашиш, ёшларга ушбу касаллик, унинг тарқалиш йўллари ва аянчли оқибатлари ҳақида маълумот бериш, уларни огоҳликка чорлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари доирасида ёшларга саломатликнинг ягона йўли соғлом турмуш тарзи экани ҳақида маълумот бермоқдамиз, – дейди лойиҳа координатори Отабек Қўзибоев. – Мазкур лойиҳа “Ёшлар ўртасида репродуктив саломатликни ошириш”, “Ёшлар ўртасида сил, йод ва камқонлик касалликларининг олдини олиш”, “Ёшлар ЭКО ҳаётни танлайди”, “Ёшлар чекишга қарши”, “Ёшлар ўртасида тўғри овқатланиш, шахсий гигиенани ривожлантириш”, “ОИВ/ОИТС ва гиёҳвандликнинг олдини олиш” каби олти йўналиш бўйича амалга оширилмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш хавфли иллатларга қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Шунинг учун ҳам маҳаллалар, таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, тегишли меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Амалга оширилаётган бундай ишлар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА

Манба: uza.uz