Она ва бола саломатлиги доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда соҳа мутасаддилари, шифокорлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.Нажмиддинова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, аҳоли, айниқса, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни кучли ижтимоий муҳофазалаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганини таъкидлади.
Соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида энг замонавий стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят ва туманлардаги филиаллари, тез тиббий ёрдам хизматлари кенг жорий этилди. Мамлакатимизда ташкил этилган қишлоқ врачлик пунктлари одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш ва унинг қуйи бўғинини кучайтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар миллат генофондини сақлаш, аҳолининг умр кўриш давомийлигини ошириш, соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун шарт-шароит яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тизимдаги ўзгаришлар самарасида халқимизнинг ўртача умр кўриши, турли хавфли юқумли касалликлар профилактикасига оид ижобий кўрсаткичларга эришилди. Шу билан бирга мамлакатимизда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб перинатал, она ва бола скрининги каби тиббий хизматлар кенг йўлга қўйилгани чақалоқлардаги туғма ва ирсий касалликларга барҳам бериш, оналар соғлиғини асраш, фертиль ёшдаги аёлларнинг тиббий ҳолатини доимий назорат этиш ва учраши эҳтимоли бўлган хасталикларга ўз вақтида барҳам беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соғлом оилани шакллантириш ва ирсий касалликларга чалиниш мумкин бўлган ҳолатларни камайтириш мақсадида турмуш қураётган шахсларни никоҳдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тизими жорий этилган. Барча ҳомиладор аёллар давлат бюджети ҳисобидан соғлом наслни шакллантириш учун зарур поливитаминлар билан таъминланмоқда.
– Мамлакатимизда она ва бола саломатлигини асрашга доир эзгу саъй-ҳаракатлар жаҳон миқёсида ибрат олишга арзигулик модель сифатида эътироф этилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи У.Юсупов. – Шу билан бирга бугунги давр тиббиётнинг мазкур йўналишида фаолият кўрсатаётган мутахассислардан оналик ва болаликни муҳофаза қилишда илғор илмий-услубий янгиликларни янада кенгроқ амалиётга жорий этишни тақозо этмоқда.
Конференцияда акушерлик ва гинекологияга доир долзарб масалалар муҳокама этилди, иштирокчилар учун маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА
Манба: uza.uz