Ҳамширалар малакасини оширишга бағишланган анжуман
2015 йилнинг 15 сентябр куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Олий ҳамширалик иши мутахассислари, ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини узлуксиз ошириб бориш тизимини такомиллаштириш” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ходимлари, мамлакатимиз шифо масканларининг бош ҳамширалари, тиббиёт олий ўқув юртлари қошидаги олий ҳамширалик факультетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.
Айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида 320 минг нафарга яқин ҳамшира фаолият юритмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, юртимизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналиши жорий қилинди. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича 3 минг нафардан зиёд олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, 80 нафарга яқин талаба эса магистрлик даражасига эришди. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира, тиббиёт институти ҳамда коллежларида ўқитувчи лавозимларида ишламоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартда қабул қилинган «Қишлоқ врачлик пунктларини янада мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҚВПларда патронаж ҳамшираларнинг ишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Бу, албатта, соҳа ходимларининг меҳнати самарадорлигини ошириш, ҳамширалик ишини янада ривожлантириш, тиббий хизматни такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Ҳамширалар малакасини ошириш соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишидир. Кундан-кунга янгиланиб бораётган тиббиёт талабига мос бўлиш мутахассис зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис мазкур йўналишда ҳамшираларга кенг имкониятлар яратиш зарур. Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрда қабул қилинган “Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Бугунги кунда ўрта тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, кўникмаси, малакасини юксалтиришда Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази муҳим ўрин тутмоқда. Олий маълумотли ҳамширалар ва ўрта бўғин маъмурий ходимларининг малакасини оширишда эса Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги махсус курс имкониятлари қўл келмоқда.
Анжуман давомида тиббиёт ходимларини ўқитишда модуль тизимининг аҳамияти, мутахассислар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришда янгича технологиялардан фойдаланиш, тиббиёт муассасалари қошида маҳорат дарсларини ташкил қилиш, малака оширишдаги ўқув жараёнида ҳамширалик иши протоколларини қўллаш сингари долзарб мавзуларда илмий маърузалар тингланди.
– Замонавий тиббиётда ҳамширанинг роли сезиларли даражада ўсди, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти олий ҳамширалик иши факултети декани Шахноза Муҳаммедова. –Ҳозирги вақтда ҳамшира – аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш учун фаолият юритувчи бир жамоанинг аъзоси. Замонавий ҳамшира – бу биринчи навбатда, чуқур билимга эга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни эгаллаган ўз касбининг моҳир устаси, чунки тиббиёт ҳар куни ўзгариб, янги илмий ахборотлар чиқмоқда, ҳамшира эса ҳар куни ўз касбий фаолиятида улардан фойдаланиши керак. Йилдан йилга олий ҳамширалик иши факультетида ўқиш истагини билдирувчилар сони ортмоқда. Ўтказилаётган бугунги тадбир маҳорат мактаблари, масофавий таълим ва замонавий ахборот технологияларини амалиётга татбиқ қилиш йўли билан ҳамширалар малакасини оширишда янги тенденциялар, янгича йўл ва усулларни ишлаб чиқиш имконини беради.
– Вилоятимизда 11 минг нафардан зиёд ҳамшира фаолият юритади, – дейди Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Тожихон Ғафорова. – Анжуман қизиқарли ва керакли маълумотларга бой бўлди. Бундай анжуманлар орқали биз республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз билан фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўламиз. Янги технологиялар ва ҳамшираларнинг узлуксиз таълим олишини такомиллаштириш бўйича олган билимларимизни вилоятда ҳам амалиётга татбиқ этиш ниятидамиз.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати