Хусусий тадбиркорликни ишончли химоя қилиш йўлида
Жорий йилнинг 14 сентябр куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси томонидан пойтахтда жойлашган нодавлат тиббиёт муассасалари раҳбар ходимлари учун семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва у асосида 2015 йил 21 августда қабул қилинган
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
”ги Қонун юзасидан зарур маълумотлар берилди. Мазкур қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигида нодавлат тиббиёт муассасалари фаолиятини текширишда қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораларининг либераллашган янги таҳрири ҳақида ҳам ахборот тақдим этилди. Семинар давомида Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, қонуний фаолиятга тўсқинлик қилиш ҳамда асоссиз режадан ташқари текширувлар сонининг ошиб кетишига йўл қўйиш, текшириш натижаларига кўра қонунчиликда белгиланмаган ҳолатлар юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш амалиётига чек қўйиш сингари масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, семинар кун тартибидан Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 26 августда тасдиқланган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 июлдаги “Кексаларни соғломлаштириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича нодавлат пансионати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори, нодавлат тиббиёт муассасада ОИВ/ОИТС профилактикасини тўғри ташкил этиш бўйича кўрсатмалар ҳамда хусусий тиббий фаолиятни олиб боришда юзага келаётган айрим муаммоли ҳолатлар ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу чиқишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Семинар якунида 2015-2016 йилларда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режасининг ижроси бўйича тиббий ускуна ва жиҳозларнинг таъминоти билан шуғулланувчи компания вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Бунда замонавий тиббий ускуналар, мебеллар ва жиҳозлар таъминоти билан шуғулланувчи 25 дан ортиқ компания вакиллари хусусий тиббиёт муассаса раҳбарлари билан бевосита учрашиб, тегишли шартномаларни тузиш имкониятига эга бўлишди.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хусусий тиббиёт муассасалари учун ташкил қилинадиган барча йиғилиш ва семинарларга мунтазам иштирок этиб келаман, – дейди “OOO OPTIMUS STOM” клиникаси директори Наргис Худайбердиева. – Бугунги семинар, айниқса, фойдали маълумотларга бой бўлди. Ҳукуматимиз томонидан хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида янада батафсил маълумот олдик.
– Куни кеча Сурхондарё вилоятидан келдик. Мана бугун пойтахтимизда жойлашган хусусий тиббиёт муассасалари вакиллари билан учрашиб турибмиз, – дейди “SUPROMED” илмий-ишлаб чиқариш хусусий корхонаси раҳбари Собир Убайдуллаев. – Мазкур семинар-машғулот ҳам ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг, ҳам хусусий тиббиёт муассасаларининг манфаатларини кўзлаб ташкил этилган. Тадбир тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янгилаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашга кўмаклашади.
UzMedInfo маркази
Ахборот хизмати