UZ RU
14.09.2015

Таълимнинг замонавий услублари

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида “Замонавий фан ва техника ривожида ахборот ва телекоммуникация технологияларининг ўрни” мавзусида республика илмий-техник конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассислар иштирок этди.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали директори А.Холжигитов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва улардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва таълим тизимидазамонавий ахборот технологиялари ва коммуникациялари кенг қўлланилмоқда. “Электрон ҳукумат” тизимибосқичма-босқич амалга оширилиб, идора ва ташкилотлар, фуқаролар учун кўплаб қулайликлар яратилаётир.

Анжуманда таълим тизимида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари, олий таълим муассасаларида модулли ўқитишнинг жорий этилиши ва педагоглар компонентлигининг ўзаро боғлиқлиги, бу борада Самарқанд тиббиёт институтининг тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

– Институтимизда 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб модул тизимида ўқитиш жорий этилди, – дейди Самарқанд тиббиёт институти проректори З.Курбаниязов. – Барча ўқув хоналари ва маъруза заллари мультимедиа техникалари билан жиҳозланиб, ўқув жараёнида мингдан ортиқ замонавий компьютердан фойдаланилмоқда. Талабалар фанлар бўйича маълумотларни интернет орқали масофадан туриб олиш имкониятига эга. Ўқитишнинг замонавий бу усули талаба-ёшларнинг вақтдан самарали фойдаланиши, ўқув материалларини пухта ўзлаштириши ва таълим сифатининг ошишига хизмат қилмоқда.

Конференциянинг шўъба мажлисларида республикамизда ахборотлашган жамият ривожланишининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий масалалари, ахборот технологиялари ва “Электрон ҳукумат” тизимининг замонавий муаммолари, модулли ўқитишда эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар, дастурий инжиниринг ва математик моделлаштириш юзасидан маърузалар тингланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Манба: uza.uz