UZ RU
14.09.2015

Ёш авлод саломатлиги йўлида

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Бу хасталик билан оғриган беморларга ўз вақтида, тўлақонли тиббий кўмак кўрсатилса беморни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш жараёнида соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналиши, хусусан, юрак-қон томир касалликлари келиб чиқишининг олдини олиш, уни даволаш, кардиологияни изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мураккаб операция турларидан бири ҳисобланган кардиожарроҳлик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари чақалоқлигиданоқ назоратга олиниб, амалга оширилиши юрак, қон-томир хасталикларни эрта босқичларда бартараф этиш имконини бермоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида самарали лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ этиб келаётир. Бу ишга чет эллик мутахассислар ҳам жалб этилиб, зарур ҳолларда болалар энг замонавий хориж клиникаларига саломатлигини тиклаш учун юборилмоқда.

2008 йилдан буён Корея Республикасининг Пундан Ча ҳамда Инха университетлари госпиталларида туғма юрак нуқсони, тери куйиши асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари хасталиклари билан оғриган болалар мунтазам соғломлаштирилаётгани ана шундай эзгу амаллардан. Айни вақтгача икки юз нафарга яқин болада жарроҳлик муваффақиятли амалга оширилди.

Куни кеча туғма юрак нуқсони бор яна олти нафар бола Корея Республикасининг нуфузли клиникаларига даволаниш учун юборилди. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи беш ёшли Абдулворис Тоиров улардан бири. Унга туғма юрак пороги ташхиси қўйилган.

– Шифокорлар ва “Соғлом авлод учун” фонди мутахассислари ўғлимни тиббий кўрикдан ўтказиб, ундаги бу нуқсонни бартараф этиш мумкинлигини айтишди, – дейди Абдулвориснинг отаси Умид Тоиров. – Шу мақсадда уни даволатиш учун жўнатдик. Ўғлим бутунлай соғайиб, шифо топиб келишига ишонаман.

Барно Мелиқулова, ЎзА

Манба: uza.uz