UZ RU
08.09.2015

Болаларга алоҳида эътибор

Корея Республикасининг Инха университети госпитали президенти Ким Ёнг Мо раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизга келди. Улар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

Ушбу акция «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ва унинг ҳамкорлари томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар доирасида ўтказилмоқда.

Хорижий мамлакатлар тиббиёт муассасалари шифокорлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, бемор болалар «Friedensdorf International» халқаро ташкилоти (Германия), «Save the Children» халқаро фонди, KOFIH фонди кўмагида «Ewha Womans University» ва Жанубий Кореянинг Инха университети госпиталларида даволанмоқда.

Жорий йилда тиббий кўриклар фонднинг тиббий-ижтимоий марказида бошланди. Икки кун давомида юқори малакали нефролог, педиатр, офтальмолог, гастроэнтеролог, ортопед, нейрожарроҳ ва бошқа мутахассислар томонидан ўнлаб болалар текширувдан ўтказилади. Сўнгра акция Тошкент ва Навоий вилоятларида давом эттирилади. Акция натижаларига кўра, жарроҳлик ёрдамига муҳтож беморлар мамлакатимиз ва Жанубий Корея клиникаларида даволанади.

– Госпиталимиз «Соғлом авлод учун» фонди билан 2011 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади, – дейди Инха университети госпитали президенти Ким Ёнг Мо. – 2014 йил июнь ойида Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилган шундай акция доирасида мингдан зиёд киши қамраб олинган эди. Шунингдек, уларга зарур дори-дармонлар бепул тарқатилди. Жорий йилда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишдан ташқари, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг ортопедия ва травматология бўлимида ортопедик жарроҳлик операциялари ҳам ўтказилмоқда. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан муносабатларимиз мустаҳкамланаётганидан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдек олижаноб ишга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.

Таъкидлаш жоизки, 2012 йилда «Соғлом авлод учун» фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инха университети госпитали ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланган эди. Шунингдек, фонд Тошкент тиббиёт академияси ва Инха университети госпитали билан ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Сардор Тожиев, ЎзА

Манба: uza.uz