UZ RU
08.09.2015

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида

Пойтахтимизда МДҲ давлатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмасининг XXII халқаро конгресси ўз ишини бошлади.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, МДҲ давлатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Россия, Франция каби йигирмага яқин мамлакатдан олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази директори Феруз Назиров, МДҲ давлатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмаси президенти Владимир Вишневский ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билим ва тажрибасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида соҳа тубдан такомиллаштирилди. Касалликларнинг олдини олиш, самарали даволаш, инсонларнинг умрини узайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Бу борада В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг алоҳида ўрни бор. Ошқозон-ичак йўллари, ўт қопи, жигар, ўпка, умуртқа, юрак ва томир касалликларини даволашга ихтисослашган ушбу марказ минтақадаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Жарроҳлик марказида АҚШ, Италия, Малайзия, Россия, Франция, Хитой каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Марказ мутахассислари томонидан жигарда ўсма ривожланиши, катта ҳажмдаги ва панкреатодуоденал резекция, ўт йўлларида юзага келган ўсма ва заҳарланишдан шикастланиш ҳолатларида қайта тикланиш аралашуви сингари ноёб жарроҳлик операциялари амалиётга жорий этилди. Жигар циррози ва портал гипертензия асоратларини жарроҳлик йўли билан даволашдаги ўзига хос услублар ишлаб чиқилди. Қизилўнгач ва ошқозон касалликларининг ривожланган ва энди авж олаётган ҳолатларида қайта тиклаш каби кўплаб операциялар амалга оширилди.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига устувор аҳамият қаратилаётгани ўз самараларини бермоқда, – дейди Франциянинг Жарроҳлар миллий академияси фахрий президенти, Гепатобилиар жарроҳлик институти директори, Европа жарроҳлар уюшмаси асосчиси ва президенти Генри Бисмут. – Бугунги кунда гепатопанкреатобилиар жарроҳликни жаҳон андозалари даражасида амалга ошириш ва одамларга соғлом ҳаёт бахш этишга эришилмоқда. Мазкур анжуман Ўзбекистон ва дунё мамлакатларида гепатопанкреатобилиар жарроҳлик йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни таҳлил қилиш, бу борада янги усулларни ишлаб чиқиш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда касалликларни даволаш билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хасталикларнинг олдини олиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жаҳон cоғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кўплаб касалликларнинг келиб чиқишига нотўғри овқатланиш сабаб бўлар экан. Хусусан, ошқозон-ичак ва юрак-қон томир касалликлари, семизлик, камқонлик, қандли диабет, жигар, буйрак хасталикларининг пайдо бўлишида ушбу муаммо асосий сабабдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори тўғри ва рационал овқатланиш маданиятини юксалтириш, бу орқали турли касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолар экан, ўтган даврда мамлакатимизда тиббий хизматнинг жаҳон андозалари даражасидаги ўзига хос миллий модели яратилганини таъкидлади, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади.

– Мазкур анжуман Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги, хусусан, гепатопанкреатобилиар жарроҳлик йўналишидаги тажрибаси билан яқиндан танишиш, турли мамлакатлардан келган мутахассислар билан фикр алмашиш имконини бераётир, – дейди Жанубий Кореянинг “Asan” тиббиёт маркази профессори Жунг Донг Хван. – Анжуман доирасида мамлакатингизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш борасида ғоят салмоқли ишлар амалга оширилаётганига амин бўлдик. Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўлами тобора кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Мамлакатингизнинг бу йўналишдаги ютуқларини чуқур ўрганиш ва қўллаш юксак самаралар бераётир.

Конгресс доирасида мустақиллик йилларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, жумладан, гепатология ва панкреатология соҳаларида эришилган ютуқларга бағишлаб ташкил этилган кўргазма ва ҳужжатли фильм намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

– Ўзбекистонда тиббиёт тизимини ривожлантиришнинг энг тўғри механизмлари ишлаб чиқилганини ва бу борада катта муваффақиятларга эришилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим, – дейди “Indraprastha Apollo” госпиталининг Жигар ва ўт йўли касалликларини ўрганиш маркази директори Субаш Гупта (Ҳиндистон). – Мамлакатингизда гепатопанкреатобилиар жарроҳликни такомиллаштириш, ушбу тизимга юқори технологияларни жалб этиш, оператив муолажаларни олиб бориш борасида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Ўзбекистон билан бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз.

Конгресс мажлисларида мамлакатимиз ва дунёда гепатология ва панкреатология соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилади.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Нодира Манзурова, ЎзА

Манба: uza.uz