Фидокорона меҳнатнинг юксак эътирофи
Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш-авлодни соғлом вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёши улуғ нуронийларимизга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш йўлидаги фидокорона меҳнатлари самарасини ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кўришимиз мумкин.
Жумладан, ҳукуматимиз томонидан соҳани ривожлантириш йўлида яратилаётган қулайликлар ва тиббиёт ходимларининг амалий меҳнатлари натижаси ўлароқ юртимизда сўнгги ўн йилда ривожланишида нуқсони бор болалар сони 1,3 баробар камайди. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 фоиз ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди. Халқимизнинг ўртача умр кўриши эса 6,5 йилга узайди.
Юртимиз равнақи йўлида амалга оширилган ҳеч бир меҳнат эътибордан четда қолмайди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ҳам фидокорона меҳнатларнинг юксак эътирофи бўлди.
Миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимиз орасида соғлиқни сақлаш тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган тиббиёт ходимларининг ҳам борлиги барчамизни қувонтирди.
Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, фидокорона меҳнати, ватанпарварлиги ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги билан эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлганлиги учун Самарқанд давлат тиббиёт институти врачлар малакасини ошириш факультети доценти Яхшинар Аллаяров, Олот туманидаги «Юқори Олот» қишлоқ врачлик пункти мудири Зумрат Бердиева, Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг чақалоқлар ва болалар хирургияси бўлими мудири Иброхимжон Умаров, Республика «Она ва бола скрининги» маркази директори Мадина Шарипова «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрилди.
Шунингдек, Республика онкология илмий маркази таркибидаги Республика рентген-радиология маркази мудири Александр Ососков, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири Набижон Йўлдошевлар энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигини қўшалоқ қувонч билан кутиб оладиган бўлишди. Байрам арафасида улар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони билан мукофотланди.
Мамлакатимизда рўй бераётган кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худаяров, Хоразм вилояти Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси “Ғалаба” қишлоқ врачлик пункти мудири Раъно Искандарова, Тошкент вилояти силга қарши кураш диспансери бош шифокори – вилоят бош фтизиатри Абдувоҳид Содиқов, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия маркази бош шифокори Шуҳрат Ҳошимов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ишига қўшган катта ҳиссаси ҳамда ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, соғлом турмуш тарзи тамойиллари руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун Нукус “Она ва бола скрининги” маркази бўлим мудири, генетик-шифокор Феруза Кутлимуратова, Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими мудири Қурбон Маманазаров, Бухоро вилояти Пешку тумани тиббиёт бирлашмаси чақалоқлар бўлими катта ҳамшираси Зайнаб Нурова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали болалар реанимацияси бўлими мудири Баҳодир Эминов II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.
Юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани тиббиёт бирлашмаси “Алтинкўл” қишлоқ врачлик пункти мудири Қизларгул Алланазарова, Тошкент шаҳар 5-сонли болалар клиник шифохонаси реанимация бўлими мудири Нажмиддин Ерходжаев, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 5-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори Юлдузой Исамединова, Бухоро вилояти Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Исмоил Нўъмонов, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани тиббиёт бирлашмаси “Баландчайла” қишлоқ врачлик пункти мудири Нодира Омонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси бош шифокори Анвар Ражапов, Андижон тиббиёт коллежининг махсус фан ўқитувчиси Гулбаҳор Саттиева, Самарқанд вилояти Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси “Шована” қишлоқ врачлик пункти мудири Анноқул Синдоров, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси “Кавардон” қишлоқ врачлик пункти мудири Санобар Узоқова, Жиззах вилояти Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмаси “Боғбон” қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Зулфиқор Фозилов, Сирдарё вилояти Гулистон тумани тиббиёт бирлашмаси “Боёвут” қишлоқ врачлик пункти дояси Муқаддас Худойқулова, 1-сонли Республика клиник шифохонаси хирургия бўлими мудири Луқмон Хушвақов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш йўлида самарали меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини мазкур юксак эътироф билан муборакбод этамиз ва соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган барча жонкуяр тиббиёт ходимларини энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги билан табриклаймиз!
“UzMedInfo” маркази
ахборот хизмати