Навбатдаги Ҳайъат йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Видеоселектор форматида бўлиб ўтган йиғилишда мамалакатимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Ҳайъат йиғилиши соғлиқни сақлаш вазири А.В.Алимов раислигида ўтказилди. Ўзининг кириш сўзида вазир мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлаб, тизимни янада ривожлантириш йўлида соҳа вакилларининг олдида турган муҳим масалалар ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг А.Алимов давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан юксак мукофотлар билан тақдирланган бир қатор соғлиқни сақлаш ходимларини Ҳайъат аъзоларига таништирди ва уларни бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлари билан муборакбод этди.
Ҳайъат йиғилиши очиқ деб эълон қилиниб, унинг кун тартибига киритилган бир қатор масалалар хусусида маърузалар тингланди. Биринчи масала –“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ижроси бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари А.А.Худаяров маъруза қилди. Ҳайъат йиғилишида иштирок этган барча раҳбарларга дастурнинг ижроси бўйича керакли топшириқлар берилди ва уларнинг бажарилиши бўйича ойлик ҳисоботларни тақдим этиш шартлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июлдаги “2015 йил биринчи ярим йиллигида республиканинг вазирликлари, идоралари, давлат қўмиталари хўжалик бирлашмаларида ижро интизомининг ҳолати мониторинги якунлари тўғрисида”ги 58-сонли мажлис баёнининг ижроси ҳамда вазирлик ва унинг тизимида Ҳайъат қарорларининг ижроси Ҳайъат йиғилишининг иккинчи масаласи бўлиб, бу бўйича Назорат инспекцияси бошлиғи А.А.Содиқов маълумот берди.
Кун тартибининг кейинги масаласи бўлган вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасаларининг 2015-2016 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлиги борасида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши мавзусида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ш.Х.Тиллаев маълумоти тингланди.
Шундан сўнг, йиғилганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги 1652-сонли “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида даволаш-профилактика муассасаларида тиббий асбоблардан ва махсус санитар автомобиллардан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш бўйича тадбирлар ижроси тўғрисида Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б.О.Хашимов маърузасини тингланди.
Ҳайъат йиғилишининг сўнгги масаласи – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 17 мартдаги “Ўткир коронар синдром ўткир миокард инфаркти билан оғриган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил қилишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 106-сонли ва 2014 йил 17 ноябрдаги “Артериал гипертонияси бор шахсларга (беморларга) тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 422-сонли буйруғи ижроси тўғрисида Республика ихтисослаштирилган Кардиология маркази директори Р.Д.Курбанов маъруза қилди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди ва раҳбарларга топшириқлар берилди.
“UzMedInfo” маркази
ахборот хизмати