Соғлом овқатланиш – саломатликнинг муҳим омили
Жорий йилнинг 25 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида республика аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида белгиланган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар ва устувор вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир мамлакатимиз аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олишга, шунингдек, соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида 2015 йил 25 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори доирасида ташкил этилди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирлик, идоралари раҳбарлари ва ходимлари, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Давра суҳбатини соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов республикада аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақидаги кириш нутқи билан очиб берди. Маърузада қайд этилганидек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларидан бири озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, жумладан, соғлом овқатланишнинг рационал меъёрларига мувофиқ озиқ-овқатлар мавжудлиги, истеъмол қилинаётган маҳсулотлар хавфсизлиги ҳамда маҳсулотларнинг юқори сифатига эриши ҳисобланади.
Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тузилмасининг ўзгариши ҳисобига охирги йилларда овқатланиш соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, аҳоли жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 1,3 баробарга, сут ва сут маҳсулотларининг 1,6, тухумнинг – 2,2, сабзавотнинг – 2,6 ва мева маҳсулотларининг 4 баробарга ошиши бунинг ёрқин далолатидир.
Бунинг натижаси, албатта, аҳоли саломатлигининг яхшиланишида яққол кўзга ташланади. Жумладан, сўнгги йигирма йилда кам вазнли болалар сони икки баробарга, яъни 4 фоиздан 1,8 фоизга қисқарди. Хотин-қизлардаги камқонлик даражаси эса 2,5 марта пасайди. Шунга мувофиқ Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 6,5 йилга узайди.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу йўналишни янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси қошида Республика диетология ўқув-илмий маркази ташкил этилмоқда.
– Ҳозирги вақтда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам соғлом овқатланиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, овқатланиш масалалари бўйича ЖССТнинг Ўзбекистондаги миллий координатори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анатолий Худойберганов. – Бунда биринчи вазифа носоғлом ёки норацион овқатланиш оқибатида юзага келувчи ноинфекцион касалликлар – юрак-қон томирлар патологияси, эндокрин тизим ва онкологик касалликларни камайтиришга қаратилмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан кўрсатилаётган эътибор самараси ўлароқ, соғлом авлодни вояга етказиш учун фуқароларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларнинг бу борадаги билимларини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Давра суҳбатида иштирок этган халқаро ташкилот вакиллари ушбу йўналишда хорижда эришилаётган ютуқлар хусусида маърузалар қилишди. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Хаммерих аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича жаҳон тажрибаси мавзусида йиғилганларга маълумот берди.
– Ушбу давра суҳбатига таклиф этилганимдан хурсандман, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Асмус Хаммерих. – Cоғлом овқатланиш йўналишида мамлакатингиз ва дунёда ўтказилган кўплаб анжуманларда иштирок этганман. Айтишим мумкинки, дунёнинг айрим минтақаларида ушбу муаммо билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келаётган бир пайтда, Ўзбекистон рационал овқатланиш бўйича юқори кўрсаткичга эришмоқда. Мамлакатингизда соғлом овқатланиш тизими яхши ишлаб чиқилган. Бугунги кунда мазкур муаммо жаҳон ҳамжамиятида жуда катта ва жиддий таҳдидлар қаторига киритилмоқда. Чунки соғлом овқатланиш ва аҳоли саломатлиги мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, суҳбатда аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш тамойилларини кенг тарғиб этиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси ректори, академик Ш.Каримовнинг умумий раҳбарлигида тайёрланган “Соғлом овқатланиш – саломатлик мезони” номли илмий-оммабоп китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тошкент тиббиёт академияси ректори Ш.Каримовнинг мазкур мавзудаги маърузасида қайд этилганидек, 5000 нусхада чоп этилган ушбу китобда аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларда парҳез овқатланишнинг ижобий ва самарали томонлари, республикамизда ўсадиган ва кенг истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларнинг қувват бирликлари, турли парҳезбоп таомлар тўғрисида маълумотлар билан бирга, уларни тайёрлаш жараёнлари ҳам ёритилган.
- Тиббиётнинг асосий вазифаси касалликларнинг олдини олиш, саломатликка таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этишдир, – дейди Тошкент тиббиёт академияси ректори Шавкат Каримов. – Бунинг учун эса биз иккита муҳим вазифани бажаришимиз керак. Яъни жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланишни кенг тарғиб қилмоғимиз зарур. Юртимизда спортнинг оммалушуви яхши йўлга қўйилган. Галдаги вазифа мамлакатимизнинг барча ҳудудларида рационал овқатланиш маданиятини ёйиш ҳисобланади. Мазкур китоб кенг халқ оммаси учун мўлжалланган бўлиб, у муаллифлар гуруҳининг ярим йиллик меҳнати маҳсулидир. Айтиш жоизки, ортиқча вазн, атеросклероз, инфаркт, инсульт каби дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган тиббий-ижтимоий муаммолар асосида овқатланиш меъёрларининг бузилиши ётади. “Соғлом овқатланиш – саломатлик мезони” китобида аҳолининг барча тоифаси учун алоҳида тавсиялар ишлаб чиқилган.
Тадбир давомида Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонасининг соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Светлана Штефанец мамлакатимизда соғлом овқатланиш дастурини амалга оширишда БМТ болалар жамғармаси қўшган ҳисса ҳақида маъруза қилди.
— Бугунги кунга келиб болалар озиқ-овқатига микронутриентларнинг қўшилиши натижасида болалар анемияси 40 фоизга камайди, – дейди ЮНИСЕФ ваколатхонасининг соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Светлана Штефанец. – Шу сабабли ҳам, аҳолига қулайлик ва тўлақонли фойдалана олишига шароит яратиш мақсадида, Ўзбекистон ҳукумати микронутриентларни маҳаллий миқёсда ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳомиладор аёлларни микронутриентлар воситасида қўллаб-қувватламоқда, бу эса туғма касалликларнинг олдини олиш ва ҳомиланинг яхши ривожланишига ва охир-оқибат тўлақонли ривожланган соғлом боланинг дунёга келишига катта ҳисса қўшади.
Давра суҳбати якунида соғлом овқатланиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан берилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар таҳлил этилди, истиқболдаги вазифалар белгиланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Икромов иштирок этди.
“UzMedInfo” маркази
ахборот хизмати