Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмади
Энг улуғ, энг энг азиз байрам – Истиқлолимизнинг 24 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 10-15 август кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилган навбатдаги ижтимоий акция муваффақиятли якунланди.
Мазкур ижтимоий тадбирга республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин фан докторлари, профессор, доцент ҳамда малакали мутахассислари жалб қилинди. Саломатлик кунлари доирасида терапевт, кардиолог невропатолог, хирург, офтальмолог, ортопед-травматолог, педиатр, онкологлардан иборат гуруҳ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, энг аввало, кексалар, ногиронлар, болалар ҳамда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар.
Акция доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинди. Бу галги тадбирнинг аҳамиятли жиҳати – унинг икки босқичда ташкил этилганида бўлди. Дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказдилар. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги энг тажрибали мутахассислар иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада саломатлик кунлари давомида ташхиси муаммоли бўлган беморларга тиббиётнинг тор ихтисосликдаги мутахассислари иштирокида аниқ ташхис қўйиш билан бирга, малакали тиббий хизмат олиш имконияти ҳам яратилди. Айниқса, бир неча касалликлардан азият чекаётган беморлар ҳамиша меҳр ва эътиборда эканликларини яна бир бор ҳис қилганликлари тадбирнинг ижтимоий аҳамиятини оширди.
Бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис, тиббий кўрикларни самарали ўтказишга муваффақ бўлинди. Юқори малакали шифокорлар туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаёқ замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишди. Бу, албатта, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожи йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасидир.
Мазкур ижтимоий акцияга тиббий кўрикка муҳтож фуқароларни янада кенгроқ жалб қилиш ва фуқаролар учун қулай шарт-шароит яратиб беришда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг ҳам фаол иштирок этиши муҳим омил бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилган тадбирда юқори малакали мутахассислардан иборат гуруҳлар самарали фаолият олиб боришди. Саломатлик кунлари давомида жами 63567 нафар фуқаро, яъни 564 нафар уруш ногиронлари ҳамда қатнашчилари, 5247 нафар фронт ортида хизмат қилган меҳнат фахрийлари, 17116 нафар пенсионерлар ҳамда 20333 нафар ёлғиз кексалар, болалар, ногиронлар ва бошқалар қамраб олингани фикримиз исботи.
Айтиб ўтиш жоизки, тадбир давомида пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертил ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланди. Жумладан, 59690 нафар беморда турли касалликлар аниқланиб, даволаш ва реабилитация қилиш режалари белгиланди. Яъни 42988 нафар бемор амбулатор шароитда, 5185 нафари туман, вилоят шифохоналарида, 872 нафари республика даволаш-профилактика муассасалари қошида даволаниши режалаштирилди ва назоратга олинди.
Бу галги ижтимоий акция қамрови янада кенгайганлигини таъкидлаш ўринли. Акцияда хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишди.
Шунингдек, мазкур тадбир маҳаллий шифокорлар малакасини янада оширишда ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ҳам бажарди, десак хато бўлмайди. Кўрикларда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш тизими ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён иштирок этгани уларнинг тажриба орттириши, соҳадаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиши, ўзаро фикр алмашиши учун яхши имконият яратиб берди.
Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини мамлакатимизнинг исталган ҳудудида кўришимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилган навбатдаги саломатлик кунлари ҳам мазкур ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати