Саодат Ҳамидова: “Севимли касб чарчатмайди”
Республикада аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш доирасида навбатдаги Саломатлик ҳафталиги старт олди. Тадбир аввалги – “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилмоқда. 35-сонли поликлиникада бу тадбир қандай йўлга қўйилган?
— Поликлиникамизга 30 та қисмга бўлинган ўнта маҳалла ҳудуди ва аҳолиси қарашидан бошласак, — дейди С. Ҳамидова. — Бу 43 минг нафар аҳоли дегани. Улар орасида 16 210 нафар фертил ёшидаги аёллар мавжуд. Шунингдек, биз тўртта мактаб ва тўртта коллежнинг ўқувчи ва ўқитувчиларининг, 12 та мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг саломатлигини ҳам кузатиб борамиз.
— Ўтган йиллар давомида ҳам тиббий текширувлар доимий олиб борилган. 2013 йилдан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига мувофиқ, текширувлар чуқурлаштирилган тартибда олиб борилмоқда. Бунинг фарқи нимада? Аввалги кўриклар, қоидага кўра, умумий амалиёт шифокори томонидан олиб борилган. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни эса тор ихтисосликдаги мутахассислар ўтказади ва барча керакли таҳлиллар олинади.
Ҳар йилнинг бошида беморлар узун навбатда туриб қолмайдиган, шифокорларга ортиқча юклама туширмайдиган аниқ ва босқичли чуқур ўйланган тармоқли жадвал тузамиз. Ишлар қандай олиб борилгани хусусида ҳар ойда туман тиббиёт бирлашмасига маълумот берамиз.
— Ҳар бир беморга максимал даражада эътиборли бўлишга ҳаракат қиламиз. Албатта, Иккинчи жаҳон уриши ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланганларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Ҳудудимизда 400 нафарга яқин шундай аҳоли бор. Уларнинг кўпчилиги поликлиникага келолмайди ёки келишга қийналади. Шундай вазиятларда уларнинг олдига, албатта, таркибида таҳлил учун намуна олувчи ҳамшира бўлган тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳ боради, — дея давом этади Саодат Абдуҳамидовна. — Мактаб ва коллеж ўқувчилари – энг ҳаракатчан қатлам. Буни ҳисобга олган мутахассисларимиз мазкур муассасаларнинг ўзига боришади. Ўқув даргоҳида шифокор қабули ташкил этилиши ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам қулай.
Умумий қилиб олганда, августнинг ўрталаригача бўлган ҳолатга кўра, шифокорларимиз бизга қарашли маҳаллалардаги барча аҳолини текширувдан ўтказишди. Августнинг иккинчи ярми ва сентябрнинг биринчи қисмини “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги тадбир бизнинг ҳудудимизда максимал даражада тўлиқ бажарилишига бағишлаймиз.
Катта ёшли аҳоли (бу гуруҳга ҳужжатга кўра ёши 54 дан бошланувчи аёллар ва 60 дан бошланувчи эркаклар киради) учун бундай кўриклар 2015 йил бошидан бери иккинчи марта ўтказилмоқда. Шуни таъкидламоқчиманки, бу кўрикларни фақат бизнинг шифокорларимиз эмас, Тошкент Тиббиёт академияси, Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг таркибида профессорлар бўлган юқори малакали мутахассислар ҳам олиб боришди.
Қизамиқ, кўкйўтал, полиомиелит, гепатитга қарши эмлашларни алоҳида айтиб ўтиш керак. Улар ўз вақтида ва тўлиқ текин амалга оширилади. Бу ҳаракатлар натижасида ҳудудда биринчи иккита касаллик анчадан буён мавжуд эмас. Эмлаш ҳафталикларига нафақат тиббиёт ходимлари, балки ота-оналар ва ҳатто болалар ҳам жиддий аҳамият бермоқда. Айтишларича, бу мутахассисларимизнинг тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида бўлмоқда. Эмлашлар хусусий даволаш муассасаларида ҳам қилинади, аммо бу анчагина қиммат. Бизда эса вакцина сотиб олиш бўйича барча харажатлар давлат томонидан қопланган.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш тизимига алоқадор барча фармонларида аҳолига турли аспектларда тиббий ёрдам кўрсатишга, биринчи бўғин – оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланади. Кўпчилик ҳамкасбларим каби мен ҳам миллат, ёш авлод саломатлигини кафолатловчи бундай устиворликни қўллаб-қувватлайман. Мисол учун, оилавий поликлиника шифокори бирор жиддий касаллик ривожини вақтида аниқламаса, кейинчалик юқори технологик жиҳозланган ихтисослаштирилган марказлар ҳам бунда ёрдам беришга улгурмаслиги мумкин.
Ўтган йили поликлиникани таъмирлаш учун 75 миллион сўм, бу йили эски жиҳозлар ва ускуналарни алмаштиришга 50 миллион маблағ ажратилди. Натижада рентген ва флюорография аппаратлари, иккита УТТ, тўртта ЭКГ (шунингдек, ихчам, тиббиёт гуруҳи хонадонларга кўтариб бориши учун қулай аппаратлар) олинди. Аммо энг муҳим бойлик – бу, шубҳасиз, жамоанинг ўзи. Ишга яқинда келгани боис, кимдадир тажриба камроқ бўлиши мумкин, аммо барча ҳамкасбларимиз ҳақиқий мутахассислар. Ва барчаси ўз касбини яхши кўрувчи, юрагида ўзининг иши ва беморлари яшовчилар. 15 нафар мутахассисимиз олий тоифали шифокор ҳисобланади.
Бош шифокор ўринбосари Лариса Тен, бош ҳамшира Насиба Икромова, умумий амалиёт шифокорлари Дилором Рўзиева, Замира Хожиева, Алима Асланова, умумий амалиёт ҳамширалари Нилуфар Хидоятова, Лола Ортиқовалар – юксак тоифаадаги мутахассислардир.
— Узоқ йиллардан буён шифокорлик йўлидасиз. Шубҳасиз, ҳаёт сизни кўп марта руҳий чарчоқлар билан синагандир. Чарчамадингизми?
— Касбимни жудаям яхши кўраман, мени шу йўлга бошлагани учун тақдиримдан миннатдорман. Севимли касбдан ҳам чарчаш мумкинми?
Александр ЧЕГРИНЦЕВ
Манба: uzbekistonovozi.uz