UZ RU
18.08.2015

Болалар саломатлиги йўлидаги ҳамкорлик

Ҳукуматимиз қарорлари, Давлат дастурлари ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз тиббиёт тизимида жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бир неча йиллардан буён Сингапур Республикаси билан ҳамкорликда соғломлаштириш дастурларини амалга оширмоқда.

Фарғона вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида жорий йилнинг 14-21 август кунлари болалар саломатлиги йўлида “Smile Asia” хайрия ташкилотининг мутахассислари томонидан ўтказилиши кўзда тутилган тиббий кўриклар ҳам шулар жумласидандир.

Мазкур тадбирга “Smile Asia” хайрия ташкилотининг 31 нафар турли ихтисосликдаги – пластик жарроҳ, анестезиолог, педиатр, ортодантист, логопед, тиббиёт ҳамширалари ва бошқа мутахассислар иштирок этмоқда.

17 август куни Фарғона вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган бемор болалар мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. 18-20 августда эса тиббий текширувлар вақтида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур деб топилган беморларда юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонларини бартараф этишга қаратилган жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бемор болаларни соғломлаштириш чоғида Сингапур Республикасидан ташриф буюрган делегация аъзолари ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари ёрдамида қўйилган ташхислар асосида беморларни даволайдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати