UZ RU
14.08.2015

Тиббий кўрикда аҳоли фаол қатнашмоқда

Жиззах вилоятининг Жиззах тумани кўп тармоқли поликлиникасида мустақиллигимизнинг 24 йиллиги ва Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ўтказилаётган саломатлик ҳафталиги доирасида аҳоли тиббий кўрикдан ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ташкил этилган кўрикда уруш ва меҳнат фахрийлари, оналар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Сўнгги пайтларда кўзим хиралашиб, пойтахтга текширув учун бормоқчи бўлиб юрган эдим, – дейди Пахтакор туманида яшовчи меҳнат фахрийси Мавжуда Шукурова. – Малакали шифокорларнинг туманимизга келиб тиббий кўрик ўтказаётгани мушкулимни осон қилди. Республика кўз касалликлари шифохонаси врачлари кўзимни текшириб, муолажа тайинлади. Аҳоли саломатлигини ўйлаб амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар ташаббускори Юртбошимиздан миннатдормиз.

Поликлиникада яратилган қулай шароит, замонавий асбоб-ускуналар касалликларни аниқлаш ва ташхис қўйишда жуда қўл келмоқда.

– Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси бу каби эзгу ишлар кўламини янада кенгайтирди, – дейди Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдураззоқ Умрзоқов. – Тиббий кўрик одамларнинг келиб-кетиши учун қулай бўлган ҳудудлардаги муассасаларда ташкил этилмоқда. Жумладан, Арнасой, Дўстлик туманлари аҳолиси учун Мирзачўл тумани марказида, тоғли Фориш ва Зомин туманлари учун алоҳида кўриклар ташкил этилди. Беморлар рўйхатга олиниб, келиш вақти ва жойи тўғрисида олдиндан хабар берилгани аҳолининг кўрикда фаол иштирокини таъминлаётир.

Источник: uza.uz